Болаларга ёзги таътилда ўқиш учун 10 та китоб — кутубхоначи тавсияси

© Sputnik / Кирилл Каллиников / Медиабанкка ўтишЧтение
Чтение - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.06.2023
Oбуна бўлиш
Мактаб ёшидаги болалар асосан саргузаштларларга бой китобларга қизиқишади.
ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Ўқув йили тугаб, ёзги таътил бошланди. Бу болалар қизиқарли бадиий адабиётларни ўқиб, ўз дунё қарашларини кенгайтиришлари учун ҳам яхши бир фурсатдир.
10 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун энг яхши китобларни қандай танлаш мумкин? Бу борада Республика болалар кутубхонаси мутахассиси Чарос Мирхолиқова Sputnik мухбири билан ўз тавсияларини ўртоқлашди.
Мутахассиснинг фикрича, боланинг ёшига қараб эмас, балки ўқиш даражасига қараб китоб танлаш зарур. Чунки китоб болаларга мос келмаса, у тушунарсиз ёки зерикарли бўлиб туюлиши мумкин.

Болалар учун топ-10 та китоб:

1.
“Пешонасига телевизор ёпишган боланинг саргузаштлари” - Худойберди Тўхтабоевнинг ушбу асари бир қатор жажжи қиссалардан иборат бўлиб, қисса қаҳрамонларининг ҳар бири атрофимиздаги болалардир. Асар болаларга жуда қизиқ ва уларни зериктирмайди.
2.
“Бувамнинг ошқозонидаги мамлакат” - Қобилжон Шерматовнинг мазкур асари ўзининг такрорланмаслиги билан ажралиб туради. Муаллиф ўз асари билан болаларни креатив ўйлашга ўргатади дейиш мумкин. Асарни ўқиш орқали ёш ўқувчининг яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги фикрлари бойийди.
3.
“Даҳшатли Мешполвон” - Анвар Обиджоннинг бу асари болалар ҳиссиётларини бошқара олишига ёрдам беради. Асарни ўқиган бола бир вақтнинг ўзида кулади, ҳаяжонланади ва йиғлай олади.
4.
“Коинот жавоҳири” - Саъдулла Қуроновнинг мазкур асари болаларга физика, астраномия фанларига қизишига ёрдам берадиган китоб ҳисобланади. Шунингдек, у болаларни тўғри қарор қабул қилиш, хулоса чиқаришга ўргатиши билан аҳамиятли. Ёзувчининг маҳорати воқеларни физик қонуниятлар асосида жуда ишонарли тасвирлайди. Китобни бемалол физика фанига қўшимча адабиёт сифатида ўқиш мумкин.
5.
“Болаларга муҳим нарса ҳақида” ("Детям о важном")- Наталья Ремиш ўз китобида жуда муҳим мавзуга қўл урган. Болалар кўпинча "ноқулай" саволлар беришади: "Нима учун мен билан дўст бўлишни исташмайди?", "Нимага анави бола юрмайди?", "Нима учун бу нарсани сотиб ололмаймиз?". Муаллиф болаларга уларни қизиқтирган саволларга ўйин тарзида жавоб бериш ҳақида ҳикоя қилади.
6.
“Кел, дўст бўламиз! Болани дўст орттиришга қандай ўргатиш мумкин?” - Хилари Перейра бу китобни нафақат дўстлаша олмаётган болалар, балки дўстлари кўп бўлганларга ҳам атаб ёзган. Бола ўзганинг таъсирига тушиб қолмаслиги учун нима қилиш керак? Ўз-ўзини енгиб, мулоқот қилишни қандай бошлаш мумкин? Барча жавоблар – ана шу китобда.
7.
“Зумрад шаҳар париси” ("Фея изумрудного города") - Сергей Сухинин томонидан ёзилган бу асар болаларни вақтни тўғри тақсимлаш, ундан тўғри фойдаланиш ва ёшликни қадрига етишга ўргатади.
8.
“Аҳамиятга эгасан” - Кортни Макавинта ва Андреа Вандер Плайм бу китобни ўсмир қизларга атаб ёзишган. У ёш қизларни ўзини ўзи ҳурмат қилиш, атрофдагиларнинг фикрига қарамай мустақил қарорлар қабул қилишга ўргатади. Муаллифлар шахсий чегараларни болалик даврида ўрнатиш ва ҳимоя қилишни билиш келажакдаги умидсизликларнинг олдини олиши мумкин деб ҳисоблашади.
9.
“Кумуш қашқа” - Артур Конан Дойл мазкур китоб орқали болаларни тафаккур қилишга, изланишга, муаммолардан чўчимасдан уларни енгиб ўтадиган йўл албатта борлигига ишонтира олган.
10.
“Том Сойернинг бошдан кечирганлари” - Адиб Марк Твен мазкур асарида ёш, ўта қизиққон ва шўх, чигал, тўсиқлардан ҳам қийналмай ўта оладиган, оғир ва мураккаб шароитларда ҳам ўзини тута биладиган, уддабурон бола Том Сойер ҳақида ҳикоя қилади. Бу асар болаларни ўз феъл-атворини тўғри йўналтириш, ўз қобилиятларидан тўғри фойдаланишни ўргатади.

“Китоблар бой билим ва ўйин-кулгиларни тақдим этиши, болаларнинг ўқишга қизиқиши ва муҳаббатини ривожлантиришга ёрдам беради”, - дейди Чарос Мирхолиқова.

Мактаб ёшидаги болалар асосан саргузаштларларга бой китобларга қизиқадилар. Китоб сотувчилари шу ёшдаги болалар қайси китобларни кўпроқ харид қилиши ҳақида маълумотга эга бўлишлари мумкин.
Янгиликлар лентаси
0