Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқилади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.05.2023
Oбуна бўлиш
Аҳолиси зич ёки қамров кўрсаткичи паст бўлган ҳудудларда янги давлат боғчалари қурилади. Хусусий сектор кенгайтирилади.
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди ва мактабгача таълим қамровини кенгайтириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.
Қайд этилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мактабгача таълим жараёнини янги тартибда ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиққан.
Тақдимотда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, боғчаларда сифат ва қамровни ошириш, бу борада илғор хорижий тажрибаларни жорий қилиш чоралари ҳақида ахборот берилди. Хусусан, аҳолиси зич ёки қамров кўрсаткичи паст бўлган ҳудудларда янги давлат боғчалари қурилади ҳамда хусусий сектор кенгайтирилади. Кам қувватда ишлаётган мактабларда тайёрлов гуруҳлари ташкил этилади.
Мирзиёев бу соҳа аёлларга енгиллик яратиш ва фарзандлар тарбиясида муҳим эканига алоҳида эътибор қаратди.
Мутасаддиларга таълим сифатини яхшилаш, дастурларни такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик муносабатларини янги босқичга кўтариш юзасидан кўрсатмалар берилди. Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Бугунги кунда мамлакатда 30 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотларида 2 миллиондан зиёд ўғил-қиз тарбияланмоқда. Сўнгги беш йилда 422 та давлат боғчаси қурилиши ҳамда 21 мингдан ортиқ нодавлат муассасалар очилиши ҳисобига 1 миллион 200 минг ўрин яратилган. Тизимга болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 72 фоизга етган.
Янгиликлар лентаси
0