Малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича янги дастур амалга оширилади
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Дастурга 2023-2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади.
ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш ишларини янги поғонага олиб чиқиш юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Президент аҳоли бандлигини таъминлаш ва малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида тадбиркорликка янада кенг имкониятлар яратиш ва молиявий рағбатлар тақдим этиш зарурлигини қайд этди.
Шу мақсадда 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади.
Дастурга 2023-2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади.
Бу маблағлар ҳисобидан:
камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади;
тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан:
камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади;
камбағал оила аъзоси даромад солиғидан озод қилинади;
5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилади.
Шунингдек, дастурда қатнашадиган тадбиркорлар солиқ ва божхона маъмурчилигида енгилликлар олади.
Хусусан:
улар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди;
уларга қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади;
қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳнома муддатидан илгари бекор қилинмайди;
барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади;
божхона тўловларини суғурта кафолатисиз олти ойга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Шунингдек, дастурда иштирок этаётган тадбиркорларга божхона расмийлаштируви пайтида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади.
Дастурга кирган тадбиркорларга инфратузилма, ер ва бино-иншоотлар билан таъминлашда қўшимча енгилликлар берилади:
ер, бино-иншоотларни аукцион орқали хусусийлаштиришда бўлиб тўлаш имконияти яратилади;
қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳалар бўйича инфратузилма харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Солиқ ва божхона имтиёзлари тўлиқ берилишини, арзон кредитлар ўз вақтида ажратилишини таъминламаган раҳбарларга жавобгарлик чоралари кўриб борилади.
Давлат раҳбари ушбу тизим бир марталик иш эмас, давомли жараён бўлиши зарурлигини қайд этди.
Вазирлар Маҳкамаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Иқтисодиёт ва молия вазирликларига жойларга чиқиб, тадбиркорлар кўтарган муаммо ва таклифларни ўрганиш ва уларга кўмаклашиш топширилди.
Мутасаддилар олдига йил якунига қадар ушбу янги тизим асосида 550 минг аҳолини ўқитиб, камбағалликдан чиқариш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.