Сурхонда ҳеч бир тўй бахшиларсиз ўтмайди – Байсара Раҳимова
© Sputnik/Достонбек РахматуллаевБахши Байсара Рахимова
© Sputnik/Достонбек Рахматуллаев
Oбуна бўлиш
Фестивалда халқаро бахшилар ҳам иштирок этмоқда, улар орасида тажрибали ижрочилар билан бир қаторда ёш бахшилар ҳам бор.
ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Гулистон шаҳрида III Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтмоқда. Унда 40 дан ортиқ мамлакатлардан бахшилар, оқин, жиров ва ижрочилар иштирок этмоқда.
Sputnik мухбири тадбир иштирокчилари билан суҳбатлашди.
“20 йилдан буён бахшичилик билан шуғулланаман. Бу менга ота мерос касб бўлиб, отам Мамай бахши Самарқандда катта шуҳрат қозонган Ислом шоир мактабининг давомчиси бўлган. Мен Алпомиш, Гўрўғли, Ойчинор, Гўрўғлининг туғилиши, Ойсулув каби достонларни ижро этаман. Бахшидан кўпроқ билим ва импровизация талаб этилади. Чунки у доим жонли куйлайди ва бор маҳоратини ижрода кўрсатади”, - деди самарқандлик Саим бахши Эргашев.
© Sputnik/Достонбек РахматуллаевБахши Саим Эргашев
Бахши Саим Эргашев
© Sputnik/Достонбек Рахматуллаев
Бахши асосан дўмбира созини чалади, маҳоратини янада ошириш мақсадида рубоб, доира созларида ҳам асарлар ижро этади.
Фестивалда халқаро бахшилар ҳам иштирок этмоқда, улар орасида тажрибали ижрочилар билан бир қаторда ёш бахшилар ҳам бор. Улардан бири россиялик қиз бахши Анастасия.
“Мен бу соҳани ўрганаётганимга 5 йилдан ошди. Ҳозирда 1 та муаллифлик асарим бўлиб, у “Девушка удаганка” деб аталади. Ижодимда дунур, шаманский бубен, хомус чаламан. Ўзбекистонда биринчи маротаба бўлишим, мазкур фестивалда кўплаб устозларни кўриб, уларни ижодини кузатяпман. Турли миллатларнинг анъаналари менга янада илҳом бағишламоқда”, - деди россиялик иштирокчи Анастасия Алексеева.
© Sputnik/Достонбек РахматуллаевАнастасия Алексеева
Анастасия Алексеева
© Sputnik/Достонбек Рахматуллаев
“Мен ижодни бошлаганимда 13-14 ёшда эдим. Устозим Ўзбекистоннинг биринчи Халқ бахшиси Шоберди Болтаев. Бахшилик касби аждодларимиз қонида бор. Сурхон воҳасида ҳеч бир тўй бахшиларсиз ўтмайди, уларнинг ижролари халққа доим манзур бўлиб келган. Менинг мақсадим келажакда бахшичилик мактабида ёш қизларни тайёрлаш, чунки аёл бахшиларнинг ижроси ҳам мазкур соҳани ривожлантиришда алоҳида мактаб бўлишига ишонаман”, - деди сурхондарёлик қиз бахши Байсара Раҳимова.
© Sputnik/Достонбек РахматуллаевБайсара Рахимова
Байсара Рахимова
© Sputnik/Достонбек Рахматуллаев
Яна у ижрода бахшидан биринчи ўринда чечанлик талаб этилишини таъкидлади, чунки бахши даврада ёки саҳнада оломонни ўзига қарата олиши, ўзининг чечан ижроси билан маҳоратини тараннум эта олиши муҳим.
Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Россия, Озарбайжон, Туркия, Миср, Корея Республикаси, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон каби кўплаб мамлакатлардан ижрочилар ташриф буюрган.
Фестивалнинг асосий дастурида халқаро бахшиларнинг жонли ижродаги беллашув ва айтишувлари ўтказилади.