Чанг бўрони вақтида қандай эҳтиёт чораларини кўриш керак?
Oбуна бўлиш
Марказий Осиё ҳудудида чанг бўронлари йилига бир неча марта содир бўлмоқда. Sputnik ана шундай табиий ҳодиса вақтида инсон соғлиғини асраш учун мутахассислар тавсияларини жамлади.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё ҳудудида чанг бўронлари одатий ҳолга айланмоқда.
Шамол кучайиши таъсирида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами юқорига кўтарилади ва республиканинг марказий ҳамда жанубий вилоятларида кўринувчанлик 100-200 м гача пасайиб, чанг-қумли ғубор ҳолатини келтириб чиқаради.
Ўзбекистон ФВВ чанг бўрони вақтида қуйидаги эҳтиёт чоралари кўришни тавсия этади:
уй ва хоналарни мунтазам равишда ҳўл латта билан тозалаш, уй ёки бино ичига сув солинган идишлар қўйиш (чанг даражасини пасайтиради), хоналарга нам сочиқларни осиб қўйиш, деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кўпроқ сув ичиш, тез-тез душ қабул қилиш нафас олишни енгиллаштиради ва чангни босади;
уй ёки хонадан ташқарига чиққанда, тиббий ниқоб тақиш ҳаводаги мавжуд зарарли заррачалардан ҳимоялайди (зарур бўлмаган ҳолларда ташқарига чиқмаслик тавсия этилади);
ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда ва томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал аломатлари сезилганда, тезда тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш лозим;
кучли шамол кўтарилганда эса ташқарига чиқиш, айниқса, дарахтлар, қурилмалар, конструкциялар остида (яқинида) юриш, тарнспорт воситаларини уларга яқин жойга қўйиш хавфли ҳисобланади.
автомобилларда ҳаракатланаётган пайтда шамол натижасида ҳосил бўлган чангли об-ҳавода (кўриш имконияти чекланганда) тезликни ошириш йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқаради.
Ҳар қандай об-ҳаво шароитида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан бериб борилаётган тавсияларга амал қилишингиз ўзингиз ва яқинларингиз саломатлиги кафолатидир.