Ўзбекистонда тожик кавраги ўсимлигига мораторий жорий этилди

© Пресс-служба Министерства природных ресурсов УзбекистанаВ Узбекистане взяли под особую охрану редкое растение
В Узбекистане взяли под особую охрану редкое растение  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.05.2023
Oбуна бўлиш
Мораторийдан мақсад эса ўсимликнинг табиий популяцияси, такрор кўпайиши ва қайта тикланишини таъминлашдир.
ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган тожик кавраги ўсимлигига уч йил мораторий жорий этилди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Бу президентнинг 2023 йил 16 февралдаги “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан амалга оширилди.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда каврак ўсимлигидан ноқонуний фойдаланиш мазкур турнинг камайиб кетишига сабаб бўлиб, унинг такрор ва табиий кўпайишига салбий таъсир ўтказмоқда. Мораторийдан мақсад эса ўсимликнинг табиий популяцияси, такрор кўпайиши ва қайта тикланишини таъминлашдир.
3 йилга мўлжалланган мораторий даврида ёввойи ҳолда ўсувчи тожик каврагидан фойдаланганлик ҳолатлари аниқланганда қонуний чоралар кўрилади. Шунингдек, каврак ўсимлигининг Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳамда киритилмаган барча турларидан тегишли рухсатномасиз фойдаланиш (табиатдан ажратиб олиш, йиғиш, кесиш, зарар етказиш, нобуд қилиш) ва сотиш юзасидан қатъий назорат ўрнатилади.
Ўсимлик дунёси объектларига етказилган зарар миқдорини ҳисоблашда Ўзбекистон Қизил китобига киритилмаган сассиқ каврак (Ferula assa-foetida) ўсимлигининг ҳар бир килограмм шираси (смола), уруғи ва ҳар битта тупи учун етказилган зарарни ҳисоблаш миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 коэффициенти, Қизил китобга киритилган тожик кавраги (Ferula tadshikorum Pimenov) ўсимлигининг ҳар бир килограмм шираси (смола), уруғи ва ҳар битта тупи учун етказилган зарарни ҳисоблаш миқдори эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 коэффициенти этиб белгиланган.
Маълумот учун, каврак (Ferula) зирадошлар (соябонгулдошлар)оиласига мансуб бўлиб, кўп йиллик ўт ўсимлик ҳисобланади. Унинг ер юзида 160 дан зиёд, Ўрта Осиё республикаларида 104 та, Ўзбекистонда эса 50 дан зиёд турлари учрайди. Кавракнинг елим-смоласи халқ табобатида томир тортишиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўк йўтал, тиш оғриғи, асаб ва бошқа касалликларга қарши дори ҳамда қувват берувчи восита сифатида қўлланади.
Янгиликлар лентаси
0