Ўзбекистонда референдум эркин ва очиқ муҳитда ўтказилди - Лебедев
12:38 01.05.2023 (янгиланди: 13:13 01.05.2023)
© Sputnik/Рамиз БахтияровГенеральный секретарь СНГ Сергей Лебедев на брифинге в Ташкенте
© Sputnik/Рамиз Бахтияров
Oбуна бўлиш
МДҲ кузатувчилари ҳеч қандай қоидабузарлик аниқламаган. Айтилишича, кузатувчиларнинг баҳолари холис ва асосли, чунки улар катта тажрибага эга.
ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум юқори ташкилий савияда, қонун талаблари асосида ўтди, деди МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев.
“Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилари миссияси республика конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми юқори ташкилий савияда, эркин ва очиқ муҳитда, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ўтказилди, деган хулосага келди, - деди Лебедев брифингда.
Унинг сўзларига кўра, референдум ташкилотчилари мамлакат фуқароларига ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини яратган.
МДҲ кузатувчилари ҳеч қандай қоидабузарлик аниқламаган. Айтилишича, кузатувчиларнинг баҳолари холис ва асосли, чунки улар катта тажрибага эга.
“Умуман олганда, МДҲ кузатувчилари миссияси сайловни ташкил этишдаги ижобий ўзгаришларни қайд этди – бу янги технологиялардан фойдаланиш, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши ва бошқа янгиликлар”, - деди Сергей Лебедев.
Унга кўра, республика фуқаролари Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган ўзгаришларга хайрихоҳлик билдирмоқда.
“Ушбу тузатишлар Ўзбекистон демократиясини мустаҳкамлашга қаратилган. Улар ҳозир бу ерда эълон қилинаётган ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам беради”, - деди у.
30 апрель куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда овоз бериш жараёнлари ўтказилди.
Республика бўйича ташкил этилган жами 10758 та референдум участкаси соат 08:00 да очилди. Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкаси ўз фаолиятини олиб борди.
Референдумда 20 миллиондан ошиқ фуқаро иштирок этиш ҳуқуқига эга эди.
Референдум жараёнларида 964 нафар ОАВ вакили иштирок этди. Уларнинг 772 нафари маҳаллий, 192 нафари чет эллик вакиллар.
Референдум участкалари ўз фаолиятини 20:00 га қадар давом эттирди.
Референдумга “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?”, деган масала олиб чиқилди. Овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари "ҳа" ёки "йўқ" деб кўрсатилди.
Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси лойиҳасини референдумда овоз берганларнинг 90,21 фоизи қўллаб-қувватлади. Овоз берувчиларнинг 9,35 фоизи қарши овоз берган. Референдумнинг дастлабки хулосаларига кўра, унда овоз берувчиларнинг иштироки 84,54 фоизни ташкил этди, 16 миллион 673 минг 189 киши овоз берди.