Дин ишлари бўйича қўмита ҳаж сафари бўйича огоҳлантириш билан чиқди

© Sputnik / Михаил Воскресенский / Медиабанкка ўтишПаломники в Мекке
Паломники в Мекке - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.05.2023
Oбуна бўлиш
Саудия Арабистони ҳудудида ҳаж тартибларини бузиш ушбу мамлакат қонунчилиги асосида чора кўрилишига олиб келади.
ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Дин ишлари бўйича қўмита ҳаж ва умра сафарини ташкил этишда турли реклама ва эълонлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Таъкидланишича, шу кунларда ижтимоий тармоқларда ҳаж ибодатини ташкил этиш тўғрисида реклама ва эълонлар кўпаймоқда. Мазкур хабарларда ҳаж сафарига жўнатишга оид янгиликлар, тўловларни қабул қилиш шакли ва кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида асоссиз маълумотлар тақдим этилмоқда.
Ўзбекистонда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади.
Мазкур ҳужжат асосида тузилган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик Кенгаши аъзолари қаторида ушбу муқаддас ибодатларни уюштириш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юкланган.
Мазкур ташкилотларга Ҳаж ва Умра мавсумида зиёратчиларнинг соғ-саломат ва ибодатларини тўла-тўкис бажариб келишини таъминлаш мақсадида, Саудия Арабистонидаги тегишли вазирликлар билан зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи муассасалар, меҳмонхоналар, транспорт ва озиқ-овқат корхоналари билан шартномалар тузиш ваколати берилган.
“Шу боис, Ҳаж ва Умра мавсумларида диёримиз зиёратчиларини кузатиш ва кутиб олиш ишларини ташкил этиш, шу жумладан зиёратчиларнинг Саудия Арабистонига бориши, у ерда бўлиши ва у ердан қайтиб келишлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони қонунчилигига кўра ҳам, ҳаж сафари дунё давлатларининг ваколатли ташкилотлари билан мазкур мамлакатнинг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.
Мазкур келишувлар асосида ташкил этилмаган ҳаж зиёратига уриниш ушбу улуғ амалнинг энг муҳим рукнлари бўлмиш – Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ибодат қилиш имкониятини бермайди.
Саудия Арабистони ҳудудида ҳаж тартибларини бузиш эса ушбу мамлакат қонунчилиги асосида чора кўрилишига олиб келади. Шу боис, ҳаж тадбирини ташкил этиш вазифаси сайёҳлик фирмаси ёки турагентликлар ваколатига кирмайди. Улар томонидан ҳаж ибодатини ташкил этишга уриниш эса амалдаги қонун ҳужжатларига зиддир.
Шунингдек, муборак сафарларга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солишга олиб келади.
“Биз ибодатларингиз мукаммал, сафарингиз хавфсиз ва хотиржам бўлиши тарафдоримиз. Сиздан турли алдовларга учмасдан, ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган расмий, хавфсиз ва ишончли сафарни адо этишни тавсия этамиз”, - дейилади хабарда.
Янгиликлар лентаси
0