Президент мактабларига киролмаганлар ихтисослаштирилган мактабга имтиҳонсиз қабул қилинади

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидентская школа в Ташкенте
Президентская школа в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.04.2023
Oбуна бўлиш
Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларининг кириш имтиҳонларидан ўтган ўқувчилар тўлиқ бепул таълим олади.
ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Президент мактаблари имтиҳонларининг 2-босқичидан ўтолмаган ўқувчилар ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳонсиз қабул қилинади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ихтисослаштирилган таълим муссасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2023-2024 ўқув йили учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига аниқ фанлар йўналишига қабул 5-11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7-11-синфларга, кейинги ўқув йилларида 5 ва 7-синфларга амалга оширилади. Ҳар бир синфга 24 нафардан ўқувчи қабул қилинади.
Кириш имтиҳонлари натижалари агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларида имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун мобайнида эълон қилинади. Имтиҳон натижалари қайта кўриб чиқилмайди. Имтиҳон натижалари бўйича имтиҳон материаллари талабгорларга тақдим этилмайди.
Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларининг кириш имтиҳонларидан ўтган ўқувчилар тўлиқ бепул таълим олади.
Рўйхати агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичида ғолиб ва совриндор бўлган (1, 2, 3-ўринлар) умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўз ҳудудида жойлашган ихтисослаштирилган мактабларга умумий қабул параметрлари доирасида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, президент мактабларининг 5-синф кириш имтиҳонлари 2-босқичида иштирок этиб, ўқишга кира олмаган талабгорлар ҳужжат топшириш жараёнида ўз ҳудудидаги ўзлари танлаган ихтисослаштирилган мактаблардан бирида ўқиш истагини билдирган тақдирда, квотанинг 50 фоизи доирасида баллар кетма-кетлиги асосида имтиҳонсиз мазкур ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинади.

Бунда талабгорлар президент мактабига саралаш имтиҳонларининг иккинчи босқич жавоблари эълон қилинган кундан бошлаб 5 иш куни давомида ихтисослаштирилган мактаб директори номига ўқишга қабул қилишни сўраб ариза билан мурожаат этиши лозим.
Ўқувчилар фақат ўзлари ўқиётган умумтаълим муассасаси жойлашган ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳри)даги ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларга ўқишга қабул қилинади.
Шунингдек, республиканинг турли ҳудудларидаги талабгорлар агентлик тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги таянч ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига ҳамда Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино номидаги таянч ихтисослаштирилган мактабларнинг 7-синфига параллел равишда ҳужжат топшириши мумкин.
Янгиликлар лентаси
0