Энг арзон авиачипта: “Silk Avia” катта акция эълон қилди
Oбуна бўлиш
Uzbekistan airports: Ўзбекистоннинг биринчи минтақавий авиакомпанияси авиачипта нархини темир йўл транспорти нархига яқинлаштиришга муваффақ бўлди.
ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Ўзбекистоннинг биринчи минтақавий Silk Avia авиакомпанияси катта акция эълон қилди. Унга кўра, илк тижорий рейслар учун авичипталар 17 евродан 35 еврогача сотилмоқда, дея хабар берди Uzbekistan airports.
Ўзбекистоннинг биринчи минтақавий авиакомпанияси 25 апрель куни ўзининг илк тижорий рейсларини амалга оширади.
Рамазон Ҳайити байрами ва сотувлар бошланиши муносабати билан 30 апрелга қадар барча йўналишларга чипталар, шу жумладан “қайтариладиган” ва “багажли” чипталар энг арзон “ОДДИЙ” тарифи нархида — маршрутга қараб 17 евродан 35 еврогача сотилади.
Биринчи рейслар қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
Тошкент – Термиз – Тошкент (ҳафтасига 2 марта);
Тошкент – Навоий – Тошкент (ҳафтасига 2 марта);
Тошкент – Наманган – Тошкент (ҳафтасига 4 марта);
Тошкент – Қарши – Тошкент (ҳафтасига 4 марта);
Тошкент – Бухоро – Урганч – Бухоро – Тошкент (ҳафтасига 5 марта);
Тошкент – Самарқанд – Урганч – Самарқанд – Тошкент (ҳафтасига 7 марта).
“Янги самолётлар келиши билан, жадваллар ўзгаради ва кенгаяди. Биринчи босқичда сотув давомийлиги бир ой. Биринчи ойда биз реал талабни таҳлил қилиб, тарифларни янада мослашувчан қилишимиз керак. Келгусида чипталарни янада олдинроқ — олти ойгача харид қилиш мумкин бўлади”, — дейилади хабарда.
“ОДДИЙ” тарифи енгил саёҳатлар учун жуда мос. Чипта нархи фақат 5 кг оғирликдаги қўл юкини кўзда тутади (сумка махсус ўлчамга сиғиши керак — 40cм30cм20cм) ва багаж, пулни қайтариш ва чипталарни қайта брон қилишни назарда тутмайди.
“ОСОН” тарифи ҳам “багажсиз” ва буджет тарифидан чипта пулини қайтариш ёки уни бошқа санага қайта брон қилиш имконияти билан фарқланади.
Энг қиммат “ОМАД” тарифига 20 кг гача бўлган багаж, қайта брон қилиш ва чиптани қайтариш киради.
“Парвозлар вақти қисқа – бир соатдан икки соатгача. Бортда овқатланиш, кўрпа-тўшак, ёстиқ, салфетка ва чипта нархини сезиларли даражада оширадиган бошқа нарсалар йўқ. Биз фақат 0,25 литрли пластик қадоқларда сув тарқатамиз. Бунинг эвазига авиачипта нархини темир йўл транспорти нархига яқинлаштиришга муваффақ бўлдик”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Авиачипталар нархи 180 000 сўмдан бошланади. Бироқ, энг қиммат тариф нархини ҳисобга олган ҳолда ҳам, авиачипталар нархи бошқа авиакомпанияларнинг мавжуд тарифларидан 50% гача арзон.