Тошкентда “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” бўлиб ўтади
19:20 12.04.2023 (янгиланди: 19:28 12.04.2023)
© SputnikФестиваль ремесел. Архивное фото
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Унинг доирасидан халқаро тақдимотлар, тасвирий ва амалий санъатнинг нозик намуналари, профессионал ижодкорлардан маҳорат дарслари ўрин олган.
ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. 17-21 апрель кунлари Тошкентда “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” бўлиб ўтади. Унда ёш ва маҳоратли рассомларнинг ҳамда амалий санъат усталарининг ижодий ишлари намойиш этилади. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Фестиваль дастурида 18 апрель куни ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг 30 йиллигига бағишлаб, “Турк дунёси рассомларининг учрашуви” номли халқаро кўргазма ўрин олган. Унда 50 дан ортиқ маҳоратли турк рассомларининг 200 га яқин ижодий асарлари намойиш этилади.
Ташкилотга аъзо мамлакатлар иштирокида тасвирий ва амалий санъат соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича давра суҳбати ташкил этилади.
Россиялик Виталий Рудзит, польшалик Елена Лабецкая, туркманистонлик Гахриман Гочмурадов, Тойли Чопанов, ўзбекистонлик Евгений Панов, Алишер Ҳамдамов каби маҳоратли рассомлардан маҳорат дарслари ўтказилади.
“Фестивалда нафақат тажрибали рассомлар, балки ҳаваскор, ижодини энди бошлаган ёшларни ҳам ижодий ишлари тақдим этилади. Бу каби халқаро тадбирларни ўтказилиши тасвирий ва амалий санъат ижодкорларининг балоғат давридаги ҳиссиётларини, туйғуларини ижодий асарларида ёрита олиш қобилияти ва ёндашувларини аниқлашдан иборат. Қолаверса, мазкур ташаббус “устоз-шогирд” анъанаси ҳам давом этаётганлигига далолатдир”, - деди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти, санъатшунослик фанлари фалсафа доктори (PhD) Нигора Култашева.
Фестиваль дастурида тарихий либосларнинг мода намойишлари, архитектура, дизайн, кино, темпера, миниатюра, каллиграфия йўналишлари бўйича ижодий намуналар тақдим этилади.