Кечаю кундуз ишлайдиган “Ёшлар сайилгоҳлари” ташкил этилади

© Sputnik / Рамиз БахтияровАллея возле ЦУМа в Ташкенте.
Аллея возле ЦУМа в Ташкенте. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.04.2023
Oбуна бўлиш
Бу жойларда киберспорт, спорт ва интеллектуал ўйингоҳлар, караоке клублари, театр, мода подиумлари, коворкинг кабилар бўлади.
ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Вилоят марказларида бутун ҳафта кечаю кундуз ишлайдиган “Ёшлар сайилгоҳлари” ташкил этилади. Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган йиғилишда тегишли топшириқни берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда 1,5 миллион ёшлар бўш вақтини чет тилини ўрганишга бағишламоқда.
Лекин шу билан бирга, яқинда 100 минг нафар ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада ёшлар футбол, волейбол, стол тенниси ва бадминтон каби спорт турлари билан шуғулланишга қизиқиши, бўш вақтини киберспорт билан ўтказишини, китобхонлик, мусиқа, рақс, караоке, театр ва кино бўйича инфратузилмага эҳтиёж борлигини айтган, оилавий айланиш учун хиёбон ва сайилгоҳлар ташкил этилишини сўраган.
“Шу муносабат билан вилоят марказларида, кейинчалик туманларда бутун ҳафта кечаю кундуз ишлайдиган “Ёшлар сайилгоҳлари”ни ташкил этиш топширилди”, - дейилган хабарда.
Бу жойларда киберспорт, спорт ва интеллектуал ўйингоҳлар, караоке клублари, театр, мода подиумлари, бук-кафе, коворкинглар ва бошқа кўнгилочар жойлар ташкил этилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Истироҳат боғлари, хиёбонларда ижодий ва кино кечалари, рақслар, дискотекалар, викториналар, “Қувноқлар ва зукколар” ва бошқа билимга чорлайдиган ва кўнгилочар, томошабинлар талабига мос тадбирларни йўлга қўйиш топширилди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Анҳор ва Бўзсув, Нукусдаги Дўстлик, Урганчдаги Шовот, Фарғонадаги Марғилонсой каналлари бўйида ёшлар ижод кўчалари ташкил этиладиган бўлди. Бу ерда рассомлар, ҳайкалтарошлар, адиблар, созандалар ва уларнинг мухлислари учун шароит яратилади.
Ҳар бир олийгоҳда коворкинг, театр студиялари ва рақс майдончалари бўлиши кераклиги таъкидланди. Олийгоҳ ректорлари футбол, волейбол, баскетбол, шахмат, стол тенниси каби спорт турлари бўйича ўз клубларини ташкил этади. Бу клублар Талабалар спорт лигаларига бирлашиб, доимий турнирлар ўтказиб боради.
Қўшимча 300 минг ёшларнинг хусусий марказларда тил ўрганиш харажатларига 100 миллиард сўм субсидия ажратилади.
Мамлакатдаги 206 та оромгоҳ йил давомида ишлайдиган тизимга ўтказилиб, ҳар йили 100 минг нафар ёшлар қамраб олади.
Янгиликлар лентаси
0