Энди спортчиларга стипендия берилади

© Sputnik / Зафар ХалиловСум
Сум - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.04.2023
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси жорий этилади.
ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Энди спортчиларга стипендия берилади. Бу ҳақда президент имзолаган ПҚ–114-сонли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, шу йилнинг 1 июлидан “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси” жорий этилади.
Бунда:
стипендия миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари этиб белгиланади;
мазкур стипендия тайинланган спортчиларга президентнинг тегишли қарорида белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, спортчи идентификация карталари учун тўловлар миқдори уч баробарга камайтирилиб, улардан фойдаланиш муддати 5 йил этиб белгиланади.
Қарор билан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари ҳамда ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Қарорга кўра:
2023–2024 йилларда “Ёшлар дафтари” тизими орқали ёшларга кўрсатиладиган ижтимоий-иқтисодий хизмат турлари 1,5 баробаргача оширилади;
ёшларга ижтимоий-иқтисодий хизматларни кўрсатишда уларнинг иқтидоридан унумли фойдаланишга қаратилган ижтимоий шартномалар амалиёти жорий этилади;
давлат органлари ва ташкилотларининг ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими “Ёшлар баланси” асосида ёшларнинг ижтимоий ҳолати, қизиқиши ва муаммоларининг хусусиятидан келиб чиқиб йўлга қўйилади.
2024 йил 1 январгача спорт соҳасини рақамлаштириш бўйича 24 та йўналишдаги ахборот тизимларини ўз ичига олган “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилади.
Бунда:
спорт соҳасидаги харажатлар тизимда шаффоф ва очиқ тарзда акс эттирилади;
жойларда барпо этиладиган тегишли спорт объектлари ва иншоотларининг камида 30 фоизи мазкур электрон тизим орқали ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади.
2024 йил 1 мартдан спорт турлари бўйича ўтказиладиган расмий мусобақалар, Ўзбекистон чемпионати ва кубогида иштирок этиши учун спортчиларнинг мансублиги ва уларнинг малакасини идентификация карталари (ID-карта) орқали аниқлаш тартиби жорий этилади.
Қарорга кўра, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, олимпия ва паралимпия спорт турлари (ёш тоифалари) бўйича жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган тренерларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш миқдорлари тасдиқланди.
Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларга Президент Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасига идоравий мансуб бўлган тиббиёт муассасаларида умрбод бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Янгиликлар лентаси
0