Биз олтита қўшни давлат билан “жуда яхши” муносабатлар ўрнатдик — Афғонистон ТИВ

© SputnikМосковский формат консультаций по Афганистану
Московский формат консультаций по Афганистану - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.04.2023
Oбуна бўлиш
Муттақининг фикрича, амалда бошқа давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик толиблар томонидан тузилган муваққат Афғонистон ҳукуматининг тан олинишини англатади.
ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Афғонистон муваққат ҳукумати олтита қўшни давлат билан “жуда яхши” муносабатлар ўрнатган, деди "Толибон"* ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақи. РИА Новости хабарига асосан.
“Биласизми, биз олтита қўшни давлат билан жуда яхши алоқалар ўрнатдик, чегараларимиз очиқ қолди. Собиқ ҳукумат Ғарб таъсирида бўлгани учун қўшни давлатлар билан муносабатлари яхши эмас эди. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Малайзиядан ташқари Эрон, Ўзбекистон, Туркманистон, Хитой ва Покистон каби қўшни давлатларга дипломатларимизни жўнатдик”, - деди у.
Муттақининг фикрича, амалда бошқа давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик толиблар* томонидан тузилган муваққат Афғонистон ҳукуматининг тан олинишини англатади.

“Эътирофнинг икки тури мавжуд. Улардан бири ҳақиқий эътироф, иккинчиси жамоатчилик эътирофи. Амалда биз бу давлатлар билан муносабатларни йўлга қўйганмиз, бу ўз-ўзидан тан олишдир. Бу ерда уларнинг элчихоналари ишлайди, бизнинг элчихоналаримиз у ерда, дипломатларимиз у ерда, уларнинг дипломатлари эса бу ерда. Ўзаро савдомиз бор, муносабатларимиз бор ва бу тан олиш дейилади”, - деди у.

Шу билан бирга, Муттақи ҳеч бир давлат толиблар* ҳукуматини тан олганини расман эълон қилмаганини қўшимча қилиб, бунда ҳар бир давлатнинг “ўзига хос сабаблари” борлигини, “дунёнинг кўплаб мамлакатлари бошқаларининг таъсирида” эканини таъкидлади.
2021 йил баҳорида АҚШ ўз қуролли кучларини у ердан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг толиблар* Афғонистон устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни бошлади. 15 август куни радикаллар Кобулга жангсиз киришди ва 7 сентябрь куни қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган ўзларининг муваққат ҳукумати таркибини эълон қилишди.
* Террорчилик фаолияти учун БМТнинг санкциялари остида
Янгиликлар лентаси
0