1 апрелдан нималар ўзгаради?

CC0 / pixabay / Календарь. Иллюстративное фото
Календарь. Иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.04.2023
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда биринчи апрелдан бошлаб фуқаролар ва бизнес вакиллари учун қандай янгиликлар кучга кириши ҳақида анъанавий шарҳимизда ўқинг.
ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида ва ижтимоий ҳаётида 1 апрелдан бошлаб қандай ўзгаришлар содир бўлиши ҳақида Sputnik мақоласида.
Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори ошади
1 апрелдан пенсия ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилмоқда. Ўзбекистон ҳудудида пенсия ва нафақалар миқдори қуйидагича белгиланади:
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 347 000 сўм;
ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 677 000 сўм;
ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 747 000 сўм;
меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 747 000 сўм;
1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3 296 000 сўм;
белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (677 000 сўмдан) 747 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – ойига 747 000 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм;
иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 535 000 сўм;
ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм;
боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 198 000 сўмдан қўшилади;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 535 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрлар рўйхати кенгайтирилади
2023 йил 1 апрелдан қуйидагилар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди:
педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга педагог ходимлар;
ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган муддат қолган педагог ходимлар.
Пенсия олувчилар Тошкент метрополитенидан кун давомида бепул фойдаланади
Жорий йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент метрополитенининг тўлиқ фаолият кўрсатиши вақти давомида пенсия олувчиларга бепул хизмат кўрсатилади. Бунда Тошкент метрополитенининг мазкур бандда кўрсатилган хизматларни кўрсатиш эвазига олинмай қолган даромадлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб борилади.
Автотранспортлар ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 60 километргача пасайтирилади
Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.
Аҳолига қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун субсидия берилади
1 апрелдан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига қуёш панелларини ўрнатиш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилади. Уларнинг умумий қуввати 50 кВт гача бўлади.
Кичик қувватли қуёш панелларини 37 минг аҳоли хонадонларига ўрнатиш режалаштирилган. Аҳолига қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соати учун 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.
Шу билан бирга, умумий қуввати 4 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилади.
Арим тадбиркорларга мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади
1 йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 20 бараваридан ошмаган (6 млн сўмгача) қисми қоплаб берилади;
даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлар учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.
Айрим касалликларда ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади
2023 йил 1 апрелдан ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
Кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида боғчалар ташкил этишга рухсат берилади
1 апрелдан мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида янги давлат боғчаларини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки бошқа уйларни сотиб олиб ташкил этишга рухсат этилади.
Давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилган ерда хусусий боғчани қурган хусусий шерикка ушбу бинони мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйишга оид чекловлар бекор қилинади.
Профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари оширилади
Профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ижтимоий қўллаб-қувватланади
2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида;
ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига улар томонидан белгиланган миқдорларда (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 фоизигача бўлган суммадан ошмаган ҳолда) маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи оила аъзоларига ҳар ой тўланадиган нафақа тайинлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилади.
Янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари учун мол-мулк солиғи пасайтирувчи коэффициентда тўланади
Тадбиркорлар янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари, 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган бинолар юзасидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисобланган суммани қуйидаги пасайтирувчи коэффициентни қўллаган ҳолда, бино фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тўлайди:
3 қаватли бинога – 0,9;
4 қаватли бинога – 0,8,;
5 қаватли бинога – 0,7;
6 қаватли бинога – 0,6;
7 ва ундан юқори қаватли бинога – 0,5.
Бундан республиканинг шаҳарлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида жойлашган бинолар мустасно.
Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган шахслар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади
2023 йил 1 апрелдан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса – 10 йил муддатга қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:
ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғини;
қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини;
юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини.
Янгиликлар лентаси
0