“Ғалла битими” узайтирилди: бу Россияга нима учун керак?

© AP Photo / David GoldmanСухогруз Navi-Star с зерном в порту Одессы. Архивное фото
Сухогруз Navi-Star с зерном в порту Одессы. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.03.2023
Oбуна бўлиш
Россия ТИВ 14 март, сешанба куни “ғалла битими”ни яна 60 кунга эски шартлар асосида узайтиришини эълон қилди
ТАШКЕНТ 17 мар — Sputnik. Россия ТИВ 14 март, сешанба куни “ғалла битими”ни яна 60 кунга эски шартлар асосида узайтиришини эълон қилди: Москва Украинанинг Қора денгиз соҳилидаги учта портидан озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз экспорт қилишга ёрдам беришда давом этади, БМТ эса озиқ-овқат ва ўғитларни Россиядан жаҳон бозорларига экспорт қилишни таъминлайди.

Бу битимнинг биринчи қисми – Украина ғалласини тўсиқсиз экспорт қилиш саккиз ой давомида тўлиқ амалга оширилаётган бир пайтда – битимнинг иккинчи қисми, яъни Россия экспорти масаласида эса бир қатор муаммолар мавжуд.

Битим натижасида Москва учун фойдаси экспертлар ҳамжамиятининг катта қисми томонидан шубҳа остида бўлган“ғалла битими”ни нега Россия яна узайтирди – Sputnik бу саволга аниқлик киритди.

“Ғалла битими” –масаласининг тарихи

Қишлоқ хўжалиги экспорти соҳасида Россия ва Украина анъанавий равишда етакчи ўринларни эгаллайди (масалан, Россия буғдой етказиб бериш бўйича жаҳонда биринчи ўринда, Украина эса бу рўйхатда бешинчи ўринда туради).
Бу икки давлатдан маҳсулотларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар бозорга сезиларли таъсир кўрсатди: ғалла ва ўғит маҳсулотлари нархи сезиларли даражада ошди.
Украина, махсус ҳарбий операция бошланганидан сўнг, озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келди (аслида ўзлари томонидан миналанган денгиз портлари туфайли). Россия эса Ғарб давлатларининг мисли кўрилмаган санкциялари босимига дуч келди, бу де-юре Россиянинг озиқ-овқат экспортини чекламайди, лекин де-факто уни бир қатор молиявий чекловлар ва тўғридан-тўғри тақиқлар билан блоклайди (Европа портларига кириш, Россия операторларининг кемада юк ташиш ҳуқуқи, суғурта қилиш, тўловларни амалга ошириш ва ҳ.к.).
Айнан озиқ-овқат инқирози билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашишига йўл қўймаслик учун дунё давлатлари раҳбарлари “озиқ-овқат муаммоси” ни ҳал қилишга киришдилар. Ғарб энг қашшоқ мамлакатлар келажаги ҳақида жиддий хавотир билдирган ҳолда, бу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилишга даъват қилди.
Эслатиб ўтамиз, озиқ-овқат инқирози махсус операция бошланишидан олдин вужудга келган: СОVID-19 пандемияси туфайли бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат етказиб бериш занжирлари ва тарқатиш каналларида узилиш содир бўлган, ёқилғи-энергетика ресурслари нархи рекорд даражада ошган, озиқ-овқат нархларида ўн йил ичида максимал суръатларда ўсган, қурғоқчилик ва сув тошқинлари эса Америка билан Европадаги асосий экинларни йўқ қилган.
Музокараларда воситачилик вазивасини БМТ ва Туркия ўз зиммасига олди, улар билан 2022 йил 22 июлда бир вақтнинг ўзида иккита битим тузилган: “Украина портларидан ғалла ва озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз ташиш бўйича ташаббус” ва “ РФ ва БМТ ўртасида Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказиб бериш бўйича ҳамкорлик меморандуми”.
Туркия ва БМТ билан тузилган биринчи ҳужжат Россия ва Украина томонидан алоҳида имзоланган бўлса, иккинчиси, номидан кўриниб турибдики, фақат РФ ва БМТ томонидан имзоланган.

Битимлар низога асос

Биринчи битим Украинадан қишлоқ хўжалиги юкларини ташиш учун денгиз орқали хавфсиз йўлни ташкил этишни назарда тутади. Унинг доирасида ғалла Украинанинг учта портидан – Одесса, Ченоморск ва Южний портларидан экспорт қилинади.
Дастлаб, битим 120 кун давомида амалда бўлган, шундан сўнг томонларнинг ҳеч бири эътироз билдирмагани учун, яна худди шунчамуддатга узайтирилган. Узайтириш 17 ноябрь куни амалга оширилган – битим 18 мартда тугаши керак эди.
Ушбу ташаббус доирасида Қора денгиз бўйлаб 1600 дан ортиқ қатнов амалга оширилди ва 24 миллион тоннадан ортиқ ғалла экспорт қилинди.
“Ғалла битими” тузилишидан олдин Украина ва Ғарб ҳукуматлари озиқ-овқат инқирозидан азият чекаётган энг қашшоқ ва ривожланаётган мамлакатларга ёрдам бериш зарурлигини юқорига кўтариб, Украинадан ғалла экспорти бўйича келишувлар йўқлиги сабабли Африкада оммавий очлик хавфини таъкидлагандилар.
Бироқ, натижада, Украина томонидан экспорт қилинган ғалланинг деярли 65 фоизи (бугунги кунгача) бешта давлатга ­– Хитой, Испания, Туркия, Италия ва Нидерландияга кетгани маълум бўлди. Австриянинг Exxpress нашри февраль ойида Украина буғдойининг кўп қисми очликдан азоб чекаётган Африканинг ўрнига испан чўчқаларини боқиш учун юборилгани ҳақида хабар берди.
Шу пайтда, Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларини (шу жумладан уларни ишлаб чиқариш учун хом ашёни) жаҳон бозорларига экспорт қилишда БМТ ёрдамини назарда тутувчи иккинчи ҳужжатни амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар юзага келди.
Хуллас, РФ ўғитларининг Болтиқбўйи, Бельгия ва Нидерландия портларида блок ҳолатида бўлиши давом этмоқда (262 минг тоннадан атиги 20 минг тонналик битта партия Жанубий Африканинг Малави давлатига юборилган). Ўғитлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган Россия экспортига халақит берадиган молиявий ташкилотлар, банк операциялари, суғурта, логистиканинг фаолияти ҳал этилмаган, Толятти-Одесса аммиак қувури эса Украина позицияси туфайли ҳали ҳам ишламаяпти.
18 март –“ғалла битими” тугайдиган кун яқинлашганда–Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувни узайтириш тўғрисида янги қарор қабул қилишда битим самарадорлигига таянишини айтди.
Унинг таъкидлашича, Россия Қора денгиз ғалла ташаббусининг фақат 60 кунга узайтирилишига қарши эмас.
Украина бош вазири ўринбосари Александр Кубраков бундан норози бўлди. Унинг фикрига кўра, Россиянинг позицияси ўтган йилнинг июль ойида имзоланган ҳужжатга зид келади, яъни, муддатни узайтириш 120 кунга амалга оширилиши керак.
Жаноб Кубраков аввал имзоланган ҳужжатларда келишувнинг Россия экспортига оид иккинчи қисми бажарилмагани ва Толятти-Одесса аммиак қувури блокировкаси очилмаганида ҳеч қандай қарама-қаршилик кўрмабди. Украина инфратузилма вазири ўринбосари Юрий Васковнинг сўзларига кўра, Киев келишувни камида бир йилга узайтирмоқчи ва унга қўшимча порт (Николаевни) қўшмоқчи.
Европа Иттифоқида “ғалла битими”ни ҳатто кўшма битим деб ҳам ҳисоблашмайди, чунки Украина ғалласини хавфсиз экспорт қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар ва Россиядан ўғитлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишни осонлаштириш тўғрисидаги меморандумда “имзоловчилар таркиби ҳар хил”. Яъни, 22 июль куни ЕИ маълумотларига кўра, бир-бирига боғлиқ бўлмаган ва бир-биридан мустақил бўлган мутлақо бошқа иккита шартнома имзоланган.
Битимларнинг бир кунда бир жойда тузилгани ва иккита шартномадан биттаси бўлмаган тақдирда умуман ҳеч қандай битим бўлмаслигини ЕИ, албатта, эътибордан четда қолдиради. Хуллас, Ғарб одатдагидек ўзининг ноаниқ ва тушунарсиз ўйинини бошлади.

Нима учун Россия битимни барибир узайтирди?

Битимнинг Россия экспортига оид иккинчи қисми бажарилмагани муносабати билан Россия ҳукумати ва россиялик экспертлар “ғалла ташаббуси”ни бир неча бор танқид қилишган.
Нега унда Москва бу битимни узайтиришга рози бўлди? Жавоб оддий: Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиши керак.
РФ ўзи истеъмол қила оладиган миқдордан кўра кўпроқ ғалла ва ўғитларни ишлаб чиқаради. Шу сабабли, Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун жаҳон бозорларига чиқиш борасида қўшимча чекловлар мутлақо ноўрин бўлар эди.
Россия президенти Владимир Путин таъкидлаганидек, 2022 йилда мамлакатда рекорд даражадаги ғалла ҳосили олинди – тахминан 153-155 млн тонна (бир йил аввал 120,7 млн тонна). Бу рекорд нафақат РФнинг замонавий тарихида, балки РСФСРда ҳам бундай кўрсаткичлар бўлмаган эди.
Экспорт ҳам рекорд бўлиши аниқ (аввалги рекорд 49 млн тоннани ташкил этган).
РФ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, мавсум бошидан бери (қишлоқ хўжалиги йили 1 июлдан 30 июнгача давом этади) Россия аллақачон 40 миллион тоннага яқин экспорт қилган.
Қишлоқ хўжалиги йили якунларига кўра, бу кўрсаткич (барча инфратузилма ва санкция чекловларини ҳисобга олган ҳолда) 53-54 млн тоннага етиши мумкин, деди “Бирлашган ғалла компанияси”бош директорининг ўринбосари Ксения Боломатова “Россия агротрендлари 2022-2023” анжуманида.

“Агар чекловлар бўлмаганида, эҳтимол 60 миллиондан кўпроқ бўлар эди”, деди Ксения Боломатова.

Бундай ҳажмларни амалга ошириш учун ҳозирги геосиёсий шароитда мавжуд бўлган ҳар қандай экспорт имкониятлари зарур. Бугунги кунда “ғалла битими” эса уларни базўр таъминлайди (мисол учун –Азов-Қора денгиз ҳавзаси портларида қуруқ юкларни ташиш ҳажми 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 6 фоизга ошган).
Аммо бу келишувдан чиқиш қандайдир тарзда Россия учун фойда олиб келадими, бу катта савол. Россия экспортчиларининг ўз маҳсулотларини ташиш, суғурта ва тўловлар бўйича шундоқ ҳам қийин вазияти янада оғирлашади.

Рақобатчини мағлуб этиш

Россия ғалла етиштириш ва экспортини ошираётган бўлса, Украина хорижда ҳосилдорлик ва ғалла етказиб беришнинг пасайишидан қоча олмаяпти.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, 2022 йил июлидан 2023 йил февралигача Украинанинг Қора денгиз портларидан ғалла экспорти икки баравар (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан) –42,6 млн тоннадан 19,2 млн тоннагача камайди.

Умуман олганда, йил давомида РФ ғалла ишлаб чиқаришни (~33-35 миллион тонна) Украина экспорти тушган миқдор (~23 миллион тонна) бараварига оширди. Россия, чекловлар бўлмаган тақдирда, “унумдор Украина ерлари”да бутун жорий қишлоқ хўжалиги йилида ишлаб чиқарилган миқдорга (60 млн тонна) тенг равишдағалла экспорт қилиши мумкин.
Қолаверса, 65 млн тонна ҳосил Украина учун одатий ҳолат. Охирги 10 йил ичида Украина доимий равишда тахминан бир хил миқдорда ҳосил тўпланган. Энди, Украинада ҳарбий ҳаракатлар фонида ишлаб чиқаришнинг сезиларли даражада пасайиши ҳақида гапиришганда, бироз айёрлик қилишмоқда. Гап шундаки, бугунги кунда Киевда жамоатчилик эътибори фақат ўтган қишлоқ хўжалиги йилининг рекорд кўрсаткичига қаратилган - ўша пайтда Украина 84 миллион тонна ғалла ва дуккакли экинларни тўплаган (мойли экинлар билан бирга 106,6 миллион тонна).
Мутахассисларнинг (ҳам рус, ҳам украин, ҳам халқаро) фикрига кўра, Украинанинг 2022 тақвим йилидаги фойдаси тахминан ярмига ёки ундан ҳам кўпроққа камайди. Россия, Агросаноат маҳсулотлари экспортини ривожлантириш федерал маркази (ФДБМ "Агроэкспорт") маълумотларига кўра, 2022 йилда ғалла экспортини пулда 15 фоизга оширди.
Қишлоқ хўжалиги йилининг охирида Москва ва Киев ўртасидаги даромад фарқи янада катта бўлиш эҳтимоли юқори. Бу фарқ, эҳтимол, яқин келажакда, шу жумладан Украинада ғалла ишлаб чиқаришнинг қисқариши туфайли ўсади. "ПроЗерно" таҳлилий маркази директори Владимир Петриченконинг башоратига кўра, 2023 йилда кўрсаткич 38 млн тоннага тушади.
Шу йўсинда, Россия жаҳон бозорларига ўз таъминотини ошириши мумкин.
Умуман олганда, ғалланинг етарлича юқори баҳосини ҳисобга олсак, Россиянинг ғалла экспортидан, шу жумладан “ғалла битими” орқали иқтисодий фойдаси –Украина оладиган фойдадан сезиларли даражада ошиб кетиши аён бўлади.
Бундай ҳолат, масалан, кунгабоқар ёғи етказиб бериш соҳасида қайд этилмоқда.
Агар 2021/2022 йилги мавсумда Украина экспортининг жаҳонга етказиб беришдаги улуши 40% ни, Россияники эса 29% ни ташкил этган бўлса, ҳозир кучлар мувозанати ўзгармоқда. АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаментининг февраль ойидаги башоратига кўра, жорий қишлоқ хўжалиги йилида РФ кунгабоқар ёғи экспорти бўйича жаҳон етакчисига айланиши мумкин, бу эса илгари етакчиликни мустаҳкам ушлаб турган Украинани етакчижойдан сиқиб чиқариши мумкинлигини англатади.
Шуни таъкидлаш керакки, 2021 йил тақвим йилида кунгабоқар ёғи Украинага бошқа барча қишлоқ хўжалиги экспортидан энг катта даромад келтирди – 6,4 миллиард доллар.
Бунга параллель равишда Россия ҳам жаҳоннинг асосий дон экини – буғдой экспорти бўйича узоқ муддатли етакчиликни мустаҳкамламоқда.

Дўстлик учун

“Ғалла битими” нинг яна бир муҳим жиҳати Россиянинг ҳамдўст давлатлар билан муносабатларини ривожлантиришдир.
Биринчидан, бу ғалла таннархини “назорат қилиш” имконини беради, шу жумладан, уни пасайтиришга ёрдам беради, бу эса жаҳон нархларига эътиборли бўлган Африка ва Осиё мамлакатларида катта қизиқиш уйғотади.
Худди шу “қора қитъа” давлатлари Россиянинг уларнинг манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга тайёрлигини кўришмоқда (масалан, Украина донининг катта қисмини ўзи учун оладиган демпинг қилаётган Европа Иттифоқидан фарқли ўлароқ) ва улар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш эса Москва учун жуда муҳим.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили БМТ Бош Ассамблеясида овоз беришда Африка давлатларининг кўпчилиги Россияни махсус ҳарбий операция ўтказганликда қораловчи резолюцияни қўллаб-қувватлашдан бош тортган эди.
Иккинчидан, бугунги кунда ҳамдўст мамлакатлар РФ дан озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминланмоқда. Россия, ўз навбатида, худди шу бозорларда ўз ўрнига эга бўлиб, шу орқали экспортини ривожлантирмоқда ва диверсификация қилмоқда.
Шундай қилиб, "Агроэкспорт" ва "Россельхознадзор" маълумотларига кўра, 2022 йилда 126 та давлат Россиядан ғалла ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини сотиб олди. Яқин Шарқ, Осиё, Африка ҳамдўст мамлакатлари ва ЕОИИдаги иттифоқчилар уларнинг энг йирик харидорига айланди.
Россия учун кутилмаган фойдали томон, шунингдек, бир қатор Европа мамлакатларида содир бўлаётган воқеалардан норозилик эди.
Аввалроқ ЕИ украиналик фермерлар учун божсиз савдо режимини жорий қилган эди, бу эса Украинадан ЕИ мамлакатларига ғалланинг назоратсиз етказиб берилишига, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигининг пасайишига, уларнинг қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги инқирозга, маҳаллий фермерлар йўқотишларига ва уларнинг банкрот бўлиш арафасига олиб келди.
Натижада, Болгарияда фермерлар бир қатор йирик шаҳарларда муддатсиз миллий норозилик намойишига чиқдилар ва Полшада ўз ишлаб чиқарувчисини ҳимоя қилиш учун Украинадан олиб келинган ҳар бир тонна ғалладан 1000 АҚШ доллари миқдорида депозит олишни назарда тутувчи янги қонун лойиҳаси тайёрланди.
Венгрия, Руминия, Словакия ва Чехиядаги фермерларнинг норозилиги ҳақида ҳам хабарлар келмоқда.

Яна ўғитлар ҳақида

Шунингдек, “ғалла битими”ни узайтиришнинг муҳим жиҳати унинг аввалроқ муҳокама қилинган 120 кун (Киев хоҳишида ҳатто 365) ўрнига Россия ташаббуси билан 60 кунга узайтирилишидир.
Бу, эҳтимол, агар Россия ўғитларини етказиб бериш бўйича чекловларни олиб ташлаш соҳасида ҳеч қандай прогресс бўлмаса, Украинанинг бугунги кунда у ёки бу даражада фойдаси қисқариши мумкинлиги ҳақида БМТ га, огоҳлантиришдир.
Шу билан бирга, Россия жаҳон бозорига ўғитларнинг асосий етказиб берувчиси эканлигини эслаймиз (турли манбаларга кўра, Россия Федерациясининг улуши 14 дан 23% гача).
БМТ томонидан Россиянинг ўғитлар экспортига тўсиқ қўйиш борасида ўзгариш йўқлиги (Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришнинг кечикиши билан бирга) дунёда ҳосилдорликнинг пасайишига, очлик сонининг кўпайишига – шубҳасиз қайғули оқибатларга олиб келади.
БМТ 2022 йилни “мисли кўрилмаган очлик” йили деб атади. Ғарб сиёсатида ўзгаришлар бўлмаса, 2023 йил дунёнинг катта қисми учун анча ёмон бўлиши мумкин.
Янгиликлар лентаси
0