Ўзбекистонда 5G технологиясини жорий этиш ишлари бошланди

© AP Photo / Francisco Seco5G сеть
5G сеть - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.03.2023
Oбуна бўлиш
Март ойидан бошлаб мобиль Интернет тезлигини ошириш ва бутун мамлакат бўйлаб 5G технологиясини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди.
ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Ўзбекистонда март ойидан бошлаб мобиль Интернет тезлиги оширилади ва бутун мамлакат бўйлаб 5G технологияси жорий этилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзбектелеком" АК ахборот хизмати раҳбари Темур Мамажонов маълум қилди.
Қайд этилишича, март ойидан бошлаб мобиль Интернет тезлигини ошириш ва бутун мамлакат бўйлаб 5G технологиясини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди.
Лойиҳа доирасида мавжуд таянч станциялари модернизация қилиниб, янгилари ўрнатилади.
“Бутун мамлакат бўйлаб 3 000 дан ортиқ мавжуд таянч станцияларини энг сўнгги технологиялар бўйича янгилаш, шунингдек, 2 000 дан ортиқ янги таянч станцияларини қуриш ва ишга тушириш мақсад қилинган. Бу Ўзбекистон бўйлаб мобиль алоқа сифатини яхшилаш, LTE стандартидаги мобиль интернет тезлиги ҳамда унинг қамровини ошириш имконини беради”, - дейди Темур Мамажонов.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 5G тармоғи билан Тошкент шаҳрини тўлақонли қамраб олиш, шунингдек, республика вилоят марказлари қисман қамраб олиниши таъминланади.
Ишлар якунига этгач, республика бўйлаб 5G технологиясини жорий этишнинг кейинги босқичлари таҳлил қилинади.
“Ўзбекистонда биринчи марта флагман смартфонлар, жумладан, iPhone эгалари 5G технологиясидаги мобил интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. UZTELECOM Ўзбекистонда мазкур қурилмалар фойдаланувчиларига бешинчи авлод алоқа имкониятларидан фойдаланиш имконини берувчи биринчи оператор бўлади”, дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун, 5G алоқаларининг синовдан ўтказилиши 2019 йилда муваффақиятли амалга оширилган. Айни дамда 5G тармоғи негизида муваффақиятли бошланган “Ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси, туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида Самарқанд шаҳрида 5G тармоғи ишга туширилган.
Янгиликлар лентаси
0