Амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланмоқда — тафсилотлар

© SputnikКонституция республики Узбекистан
Конституция республики Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.03.2023
Oбуна бўлиш
Конституциянинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланмоқда.
ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатасида бўлиб ўтаётган ялпи мажлисда маълум қилинди.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор лойиҳаси муҳокама этилмоқда.
Қайд этилишича, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда.
Конституциянинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланмоқда.
Таъкидланишича, лойиҳани янги таҳрирдаги Конституция сифатида қабул қилиш учун барча асослар етарли.

"Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгаймоқда, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпаймоқда", - дейилади хабарда.

Шунингдек, бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар бевосита халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланадиган Қонунчилик палатаси ваколатига ўтказилмоқда.
Айтилишича, бу ўзгариш қуйи палатанинг вакиллик табиатига ва илғор хорижий тажрибага тўла мос келади.
Парламентнинг назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларини лавозимга қўйиш борасидаги функциялари кучайтирилмоқда ҳамда президентнинг айрим ваколатлари парламентга ўтказилмоқда.
Жумладан, янгилаётан Конституцияда бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин президент томонидан тайинланиши, шунингдек Монополияга қарши орган ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарлари Сенат томонидан сайланиши амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод аввал Сенат билан маслаҳатлашилгандан кейин президент томонидан тайинланиши тартиби жорий этилмоқда.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклифи киритилмоқда.
Сенат таркибини ихчамлаштириш ҳам таклиф этилди. Унга кўра, сенаторлар сони амалдаги 100 тадан 65 тага ўзгармоқда. Бунда Сенатни шакллантиришнинг амалдаги тартиби сақланиб қолинмоқда.
Депутат Жаҳонгир Шириновнинг қайд этишича, давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаши, шунингдек, ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамлаб қўйилади.
Маълумот учун, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган.
Янгиликлар лентаси
0