Норбоева энергия ресурсларини ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилишига изоҳ берди

© Олий Мажлис СенатиТанзила Норбоева
Танзила Норбоева  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.03.2023
Oбуна бўлиш
Сенат раиси Танзила Норбоева энергия ресурслари халқники эканини айтиб, уларни талон-торож қилиш "кўпнинг ҳаққига хиёнат қилиш билан бараварлигини" эслатди.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Энергия ресурслари халқники ва уларни талон-торож қилиш "кўпнинг ҳаққига хиёнат қилиш билан баб-баравар", деди Сенат раиси Танзила Норбоева юқори палатанинг ялпи мажлисида.
Норбоеванинг сўзларига кўра, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали уларнинг аҳолига янада ишончли, барқарор ва етарлича етказиб берилишини таъминлаш ҳамда тизимда турли талон-торожликларнинг олдини олишда бундай қонунларга (энергия ресурсларидан қонунга зид фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирувчи -таҳр.) эҳтиёж катта.
"Электр, газ ва водопроводдан тижорат мақсадларида қонунга хилоф равишда фойдаланиш ўғирлик, деб белгиланмоқда. Сабаби оддий: мазкур неъматлар халқимизники, яъни кўпчиликнинг ҳаққи. Шундай экан уларни талон-тарож қилиш, ўғирлаш кўпнинг ҳаққига хиёнат қилиш билан баб-баравар. Демак, жавобгарлик ҳам шунга яраша қатъий бўлади", — дейди у.
Сенат раисининг айтишича, киритилаётган нормаларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ижрочилар ўртасида кенг тушунтиришга жиддий эътибор қилиш талаб этилади. Қонунда бу вазифа асосан Бош прокуратура ва Энергетика вазирлиги зиммасига юклатилган. Бироқ бу масалада парламент ва жамоатчилик таъсирини ҳам ошириш зарурлиги қайд этилди.
"Кеча Сенатнинг жорий йилдаги фаолиятининг устувор йўналишларини муҳокама қилиб, энергетика соҳасидаги долзарб вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишга келишиб олдик. Шу боис яна бир бор барча сенаторларни ушбу йўналишда, жумладан қонунчиликка киритилаётган мазкур янгиликларни жойларда аҳолига тушунтириш ва уларнинг ижросини таъминлашда фаол бўлишга чақириб қоламан", — дейди Танзила Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Янгиликлар лентаси
0