Ўзбекистонда соғлом овқатланиш бўйича стратегия ишлаб чиқилади
13:00 16.02.2023 (янгиланди: 13:03 16.02.2023)
© CC0 / strecosa Блюда на шведском столе
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда март ойидан бошлаб “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади. У қандай меъёрларни ўз ичига олиши ҳақида материалимизда ўқинг.
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистонда март ойидан бошлаб “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов қайд этишича, умуммиллий ҳаракати учун алоҳида стратегия ишлаб чиқилади.
“Ҳамкор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда март ойидан “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракатини маҳалладан бошлаймиз. Бунинг учун алоҳида стратегия ишлаб чиқилади. Маҳалла фаоллари, спортчилар, таълим соҳаси вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлар жалб этилади. Оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки таъминланади”, дейди вазир.
Умуммиллий ҳаракат дастури қуйидаги меъёрларни ўз ичига олади:
Республикадаги таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхати тасдиқланади ва истеъмоли камайтирилади;
аҳолига смартфон ва мобиль иловалар ёрдамида ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш, тўғри овқатланиш бўйича махсус илова яратилади;
болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига қўйиладиган талаблар кучайтирилади;
маҳаллий маҳсулотлар турларидан келиб чиқиб, аҳолининг ҳар бир хавф гуруҳи ва касаллик турлари учун алоҳида-алоҳида соғлом овқатланишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилади;
ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, болалар, катталар ва кексалар учун тўғри овқатланиш, соғломлаштириш машқлари ва гигиена қоидалари тўплами яратилади;
иш жойларида ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши ва соғлом овқатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Мамлакат аҳолисининг 56 фоизида ортиқча вазн, 30 фоизида сурункали касалликлар бор. Республикада 10,7 млн аҳоли соғлом турмуш тарзини олиб бормайди.