Маҳкумларнинг жазони ўташ вақтидаги меҳнати пенсия стажига қўшилади - янги қонун

© Sputnik / Максим Блинов / Медиабанкка ўтишЗаключенный исправительной колонии во время работы
Заключенный исправительной колонии во время работы - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.02.2023
Oбуна бўлиш
Президент томонидан имзоланган қонун билан айрим ҳужжатларга маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Маҳкумларнинг жазони ўташ даврида бажарадиган иши пенсия тайинлашда иш стажига қўшилади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган ЎРҚ–817-сонли қонунда назарда тутилган.
Мазкур қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимча
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
“Жиноят-ижроия кодекси”га киритилган мезонлар
Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги комиссия томонидан ҳар чорак якунларига кўра қуйидаги мезонлардан бири асосида белгиланади:
маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шаклланганлиги, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши;
маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, унинг ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлишга интилиши;
маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасида ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилганлиги, унга интизомий жазо чораси қўлланилмаганлиги.
Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия томонидан расмийлаштирилади ва маҳкумнинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Янгиликлар лентаси
0