Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

“Ходунок”лар гўдак саломатлиги учун қанчалик хавфсиз?

© Sputnik / Кирилл КаллиниковРебёнок
Ребёнок - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.02.2023
Oбуна бўлиш
Таъкидланишича, бу воситадан узоқ вақт фойдаланиш болалар соғлигида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. “Ходунок”дан узоқ вақт фойдаланиш болада маймоқликни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда тиббиёт фанлари доктори Умида Рустамова маълумот берди.
“Кичкинтой соғлиги ва ривожланиши унинг қанчалик ҳаракатчан эканига боғлиқ. Айниқса, юришнинг бошланиши бир ёшга тўлмаган бола учун муҳим босқич саналади. Бироқ ҳар нарсанинг ўз вақтида бўлгани маъқул. Эътибор берсак, бугун аксарият ота-оналар кичик ёшли фарзандлари учун “ходунок” олиб беради. Уларнинг фикрича, ушбу восита кичкинтойни йиқилишдан асраб, тезроқ юришга ўргатади. Қолаверса, бола мазкур қурилмада бўлганда она муҳим уй ишларини ортиқча ташвишларсиз амалга ошириши мумкин”, - дейди мутахассис.
Таъкидланишича, бу воситадан узоқ вақт фойдаланиш болалар соғлигида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. “Ходунок”нинг энг катта камчилиги шундаки, ўғил-қизлар у туфайли эмаклаш даврини ўтказиб юборади. Ваҳоланки, ушбу ҳаракат бола ривожланишида муҳим босқич ҳисобланади.
“Сабаби юришдан аввалги 3 ойлик эмаклаш даври кичкинтойда мушак-скелет тизимининг тўғри шаклланишида катта роль ўйнайди. Қолаверса, асаб тизими ривожланишига ҳам ижобий таъсир этади”, - дейди у.
Қайд этилишича, гўдак ҳали мушакларини бошқара олмагани боис юришга ўргатувчи бу каби аравачаларда ўз оёқларига тўғри суяна олмайди. Бу эса бўғимларнинг ҳаддан ташқари ҳаракатчанлиги ва оёқларнинг қийшайиб қолишига олиб келади.
Шунингдек, "ходунок"да бўлган пайт кичкинтой оёқлари ўртасида қўшимча чеклов билан ҳаракатланади. Шу боисдан тиззалар ташқарига бурилади ва валгус деформацияси юз беради.
Бундан ташқари, орқа мия ва мушак-скелет тизимига тушадиган ҳаддан зиёд юк келажакда боланинг умуртқа поғонаси ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатиши, турли деформациялар пайдо бўлиши мумкин. Шу билан бирга, унда кейинчалик яссиоёқлик ёки маймоқлик ривожланиши эҳтимоли юқори.
Хулоса қилинишича, айни сабабдан болани “ходунок” орқали мустақил юришга мажбурламаслик мақсадга мувофиқ.
Янгиликлар лентаси
0