Навоий ва Жомий ҳақидаги фильм Люк Бессон иштирокида суратга олинади

© Кинематография агентлиги Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий
Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.02.2023
Oбуна бўлиш
Фильм Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Тожикфильм” киностудияси ҳамкорлигида суратга олинади.
ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон киноижодкорлари ҳамкорлигида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳақида тарихий фильми суратга олинади. Бу ҳақда Кинематография агентлиги хабар берди.
“Юлдузлар шуъласи: Жомий ва Навоий” фильмида икки буюк шоирнинг ҳаёти ҳамда ижоди, фалсафий қарашлари, халқчиллиги, дўстона муносабати ҳақида ҳикоя қилинади. Суратга олиш ишлари шоирлар ҳаётида муҳим ўрин тутган ҳудудларда олиб борилади.
Киноижодкорлари томонидан олиб борилган изланишлар натижасида кўплаб тарихий ва фактологик материаллар тўпланди. Жомий ва Навоийнинг ижод қилган Шарқ ренессанси даврига оид кўплаб манбалар ўрганилди.
Хабарда айтилишига кўра, фильмни тасвирга олиш жараёнларида франциялик кинорежиссёр ва актёр Люк Бессон ҳам иштирок этади.
Маълумот учун, Абдураҳмон Жомийнинг Навоийдан ёши анча бўлса ҳам улар чин дўст ва ҳамкор бўлишган. Жомий ўзининг бир қанча асарларида Навоийни, Навоий ҳам ўз асарларида Жомийни ҳурмат билан тилга олади.
Жомий "Нафаҳот ул-унс", "Рисолаи мусиқи", "Рисолаи муаммо" каби ўндан ортиқ асарини Навоий маслаҳати билан ёзган. Навоий Ҳусайн Бойқаро саройида бош вазир бўлган кезларида, ўз сиёсий ва ижтимоий фаолиятида Жомийдан маслаҳатлар олиб турган.
Эслатиб ўтамиз, фильм яратиш бўйича меморандум Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Тожикфильм” киностудияси раҳбарияти ўртасида ўтган йили ўтказилган ХIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида имзоланган.
Янгиликлар лентаси
0