Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз қачон ички бозорларга киритилиши маълум бўлди

© pexels.com/Daniel DanЛук
Лук - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.01.2023
Oбуна бўлиш
Мутахассис: Пиёз нархи ошиши кузатилган бўлса-да, аҳолида уни ғамлаб қўйиш кайфияти мавжуд эмас.
ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тн пиёзни 1 апрелга қадар ички бозорларга киритиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Озиқ-овқат саноати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отажон Пирмонов маълум қилди.
Қайд этилишича, пиёзнинг улгуржи нархи 1 январь кунига нисбатан 2 900 сўмга, махсус расталарда 2000 сўмга, савдо марказларида 3 550 сўмга ошган.
Пиёз нархлари:
Улгуржи нархлар - ўртача 6 500 сўм;
Деҳқон бозорларидаги арзонлаштирилган махсус расталарда - 5000 сўм;
Савдо марказлари ва супермаркетларда - 7 700 сўм.
Нархларнинг ошишига деҳқонлар ихтиёридаги пиёзнинг устки қисми музлаганлиги ҳамда айрим ёқилғи қуйиш шахобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилганлиги туфайли логистика нархларининг ошиши таъсир этган.
Мазкур ҳолатлар эса маҳсулотни бозорга етказиш занжирида вақтинчалик узилишларга олиб келган.
Мутахассислар фикрига кўра, маҳсулотни тўлиқ нобуд бўлишини олдини олиш мақсадида устки қисми музлаган пиёзни ҳаво мўътадиллашгунга қадар жойидан қўзғатмаслик керак.
Таъкидланишича, пиёз нархи ошиши кузатилган бўлса-да, аҳолида уни ғамлаб қўйиш кайфияти мавжуд эмас. Шунингдек, 1 январдан пиёз экспортига чеклов ўрнатилганлиги бозорларни аҳоли талабига мос равишда пиёз билан бақарор таъминлаш имкони мавжудлигини кўрсатмоқда.
Ҳозирда ҳудудларда ташкил этилган захираларда 51 минг тн, аҳоли хонадонларида 200 минг тн пиёз захираси мавжуд.
Захирага жамғарилган маҳсулотларнинг барчаси арзонлаштирилган махсус расталар ҳамда маҳаллалардаги кўчма савдо ярмаркалари орқали аҳолига манзилли равишда етказиб борилмоқда.
“Ички истеъмол бозорини пиёзга бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлаш ҳамда нархларнинг ўсишини олдини олиш мақсадида 1 апрелга қадар қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тн пиёзнинг бозорларга киритиш чора-тадбирлари белгилаб олинди”, дейди Отажон Пирмонов.
Унинг сўзларига кўра, “Яшил йўлак” тамойили асосида ўтган 25 кунда жами 5 минг тн пиёз ҳудудлараро интервенция қилинди.
Янгиликлар лентаси
0