Дунё бошқа Украинанинг ҳам овозини эшитиши керак - Медведчук
16:05 26.01.2023 (янгиланди: 16:08 26.01.2023)
© Sputnik / Стрингер
/ Oбуна бўлиш
Виктор Медведчук Киев сиёсатига рози бўлмаган украиналиклар ҳаракатини яратиш ниятида. Унинг айтишига кўра, бундай кишилар сони Украина ичида ва ташқарисида ҳам жуда кўп.
ТОШКЕНТ, 26 янв - Sputnik. Украинада президент Владимир Зеленскийнинг йўналишига рози бўлмаган одамлар бор, улар бир ҳаракатга бирлашиши керак, деди украиналик мухолиф сиёсатчи Виктор Медведчук RT телеканалига берган интервьюсида.
"Россияда ҳам, Украинада ҳам, Ғарбда ҳам бошқа Украинанинг овозини эшитишлари керак. Аслида Украина Зеленский тақдим этаётганидек "яхлит" эмас. Бу "яхлитлик" найзалар ёрдамида яратилган. Украина халқи "Россияга қарши жазава ва русофобия" қарашларда якдил экани ҳақиқатга мос келмайди", - деди Медведчук.
Сиёсатчининг таъкидлашича, бугунги кунда Украинанинг келажаги қандай бўлиши ҳақида эмас, балки украиналикларнинг келажаги ҳақида савол қўйилиши керак, "чунки бугун, аслида Украина мавжуд эмас": мамлакат ҳукумати мустақил, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат мақомига жавоб бермайди.
Украина 2014 йилдан сўнг Ғарбнинг тўлиқ назорати остига ўтган ва суверенитетини йўқотган, дея таъкидлади мухолифатчи.
"Биз одамларни бирлаштириб уларнинг фикрини аниқлаштирсак, негадир ишончим комилки, бу позиция ҳокимиятга, Зеленскийга қарши бўлади. Бу бутунлай бошқача ҳаракат бўлади ва Украина Зеленский ва унинг жиноий режимини қўллаб-қувватлашда яхлит эканлигини инкор этади”, — деди Медведчук.
Сиёсатчининг айтишига кўра, Зеленский ҳаракатларидан норози бўлган Украина, Россия ва Европада яшаётган миллионлаб украиналикларни аниқлаш ва ягона ғоялар остида бирлаштириш керак.
Унинг сўзларига кўра, Зеленский уни сиёсатчи сифатида йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда, Украинада унга нисбатан бир неча суд ишлари очилган.
"Украина милитаристик бўлишни тўхтатса ва неонацизм мафкурасидан узоқлашсагина келажакка эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бутун Ғарбни Россияга қарши қўйиш учун мамлакатни ҳарбий полигонга айлантирган Зеленский сиёсатига чек қўйиш керак", - дея хулоса қилди сиёсатчи.
Эслатиб ўтамиз, Украинада Медведчукка қарши жиноий ишлар, жумладан, давлатга хиёнат ва терроризмни тарғиб қилиш моддалари бўйича ҳам қўзғатилган. Зеленский сиёсатчини Украина фуқаролигидан маҳрум қилди, Олий Рада эса унинг депутатлик мандатини қайтариб олди. 2022 йил апрель ойида Медведчук президент буйруғи билан ҳибсга олинган, кейинроқ у маҳбуслар алмашинуви доирасида Россия томонига топширилган. Медведчукнинг ўзи ҳам унга нисбатан қўзғатилган жиноий терговларни сиёсий таъқиб, деб ҳисоблайди.
Тўлиқ интервью билан қуйида танишиш мумкин.