“Цинепар” билан боғлиқ ёлғон хабар тарқалиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди

© unsplash.com/Towfiqu barbhuiyaМедицинский сироп.
Медицинский сироп. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.01.2023
Oбуна бўлиш
Бухорода “Цинепар” сиропини ичиш туфайли болалар ўлими кузатилгани ҳақидаги ёлғон ахборот учун жиноят иши қўзғатилди.
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Бухорода “Цинепар” сиропини ичиш туфайли болалар ўлими кузатилгани ҳақидаги ёлғон хабар тарқатилганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.
Айтилишича, “BUKHARA NEWS” ахборот ресурси томонидан маълумотларнинг ҳаққонийлиги ўрганилмасдан видеомурожаат эълон қилинганлиги оқибатида аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар тарқатилган.
Бу ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 244¹-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш вилоят ИИБга юклатилди.
Тергов жараёни тўғрисида қўшимча ахборот берилади.
Маълумот учун, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 12¹- моддасида ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогерларга ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ёхуд бошқа ахборот ресурсига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштирилгунига қадар унинг тўғрилигини текшириш мажбурияти юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухоро вилоятида “Цинепар” сиропини ичган 23 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилган эди.
Вазирлик хабарига кўра, ўрганишлар давомида вилоятдаги тиббиёт муассасаларида даволанган болаларда ушбу препаратни қабул қилиш туфайли ҳеч қандай ўлим ҳолати кузатилмаган.
Янгиликлар лентаси
0