Россия элчиси: Берлиннинг Украинага танк юбориш ҳақидаги қарори - ўта хавфли
“Яна бир бор амин бўлдикки, Германия энг яқин иттифоқчилари каби Украина инқирозини дипломатик йўл билан ҳал қилишдан манфаатдор эмас, у доимий равишда унинг кучайишига ва Киев режимини янги қуроллар билан чексиз равишда тўлдиришга диққатини қаратган. “Қизил чизиқлар” ўтмишда қолди”, - деди Нечаев.
“Берлин бу қарорни юз минглаб совет фуқаролари ҳалок бўлган Ленинград блокадаси ёриб ўтилганининг 80 йиллиги кунларида қабул қилди. Бу ўзаро ишонч қолдиқларини йўқ қилади, Россия-Германия муносабатларининг шусиз ҳам аянчли ҳолатига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади, яқин келажакда уларни нормаллаштириш имкониятини шубҳа остига қўяди”, - дейилади баёнотда.
АҚШ босими остида Украина Қуролли кучларига Германия 14 та, Норвегия 8 та, Финландия 10 та, Польша 14 та, Нидерландия 14 та, Испания 2 та "Leopard 2" танклари ва Британия 14 та "Challenger 2" танклари етказиб беришни ваъда қилган. АҚШнинг ўзи 30-50 та "Abrahms" етказиб беришни ваъда қилган.
Айтиш жоизки, "Abrahms" ва "Leopard 2" танкларининг қуроллар тури ва нишонга олиш тизими собиқ Иттифоқ танкларига нисбатан замонавийроқ, улар тепловизорлар билан жиҳозланган. Лекин уларнинг тўпи (120 мм) совет танкларига нисбатан (125мм) 2 км масофада - кучсизроқ. Бу кўп маротаба маҳаллий ва хорижий ҳарбий экспертлар томонидан тасдиқланган.
Шу билан бирга улардан Украинада фойдаланишда бир қатор жиддий муаммолар бор. Биринчидан, танклар вазни Т-72, Т-80 танкларига (45-46 тонна) нисбатан оғир: "Abrahms" - 70 тонна, "Leopard 2" - 57 тонна. Маълумки, Украинанинг қора тупроғи баҳор ва кузда жуда юмшоқ бўлади ва танк учун ўтиб бўлмас ботқоққа айланиши мумкин.
Иккинчидан, улар юқори малакали мутахассислар томонидан бошқарилиши ва хизмат кўрсатилиши керак. Ҳозир эса Украинада уларни тайёрлаш учун вақт йўқ.
Учинчидан, "Abrahms" газ турбинали ва "Leopard 2" дизель двигателлар билан жиҳозланган бўлиб, улар турли хил махсус ёқилғи ва мойлар талаб қилади - жанг майдонида бу ҳам муаммо бўлиши мумкин.
Тўртинчидан, Германия танкларни камида 3-4 ойдан сўнг етказиб беришини маълум қилди. Ушбу вақт ичида ҳарбий ҳаракатлар театрида кўп нарса ўзгариши мумкин.