Тошкентда Баҳодир Йўлдошев хотира кечаси ўтказилади: атоқли режиссёр ҳақида маълумотлар

© Министерство культуры Республики УзбекистанаБаходир Юлдашев
Баходир Юлдашев
 - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.01.2023
Oбуна бўлиш
Баҳодир Йўлдошев 27 ёшида Ўзбек Миллий академик драма театри бош режиссёри ва бадиий раҳбари бўлган. 2 та театрга асос солган.
ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. 21 январь куни “Дийдор” экспериментал театр-студиясида атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг хотира кечаси ўтказилади. Унда рус адиби Николай Некрасов қаламига мансуб “Мунгли куз” (“Осенняя скука”) спектакли намойиш этилади.
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон санъат арбоби “Дийдор” экспериментал театр-студияси асосчиси Баҳодир Йўлдошевнинг хотирасига Sputnik ижодкор ҳақидаги айрим қизиқарли маълумотларни тақдим этади.
Баҳодир Йўлдошев 1945 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. 1970 йили Тошкент театр ва рассомлик институти режиссёрлик йўналишини тамомлаб, Санкт-Петербургда Г.А.Товстоногов номидаги Россия давлат академик Катта театрида малака оширган.
Меҳнат фаолиятини Ўзбек давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) артисти лавозимида бошлаган. 27 ёшида бу нуфузли театрга бош режиссёр ва бадиий раҳбар этиб тайинланган.
Ўзбек давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида ҳам фаолият кўрсатган. 100 дан ортиқ спектаклларни саҳналаштирган. Актёр сифатида 20 га яқин кинофильмларда суратга тушган.
1983 йили А.Қаҳҳор номидаги Республика Сатира театрига, 2009 йилда “Дийдор” экспериментал театр-студиясига асос солган. Мустақиллик ва Наврўз байрамлари, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестиваллари, миллий мақом ва бахшичилик, миллий ҳунармандчиликка бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманларда бош режиссёрлик қилган.
Таниқли актёр, “Дўстлик” ордени соҳиби Бобур Йўлдошевнинг отаси, профессионал дубляж ва кино актрисаси Римма Аҳмедованинг турмуш ўртоғи. Унинг вафотидан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошева билан турмуш қурган.
“Ўзбекистон санъат арбоби” ва “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари, “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган. Кўплаб халқаро фестиваль ва форумларда иштирок этган.
Баҳодир Йўлдошев 2021 йил 16 май куни 76 ёшида вафот этди.
Президент Шавкат Мирзиёев унинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириб, ўзбек халқининг буюк санъаткор фарзанди, бетакрор шахс, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози Баҳодир Йўлдошевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолишини қайд этганди.
Янгиликлар лентаси
0