Энергетика вазирлиги аҳолига мурожаат билан чиқди

© Ҳудудий электр тармоқлари" Тошкент шаҳар филиали Тошкент шаҳар
Тошкент шаҳар  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.01.2023
Oбуна бўлиш
Таъкидланишича, ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.
ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Кунлик табиий газ истеъмолининг 10 фоизи ҳамда электр энергиясининг 8 фоизи қўшимча импорт ёрдамида таъминланиб келмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги мурожаатида айтилади.
Таъкидланишича, ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.

“Бугунги кунда республиканинг электр энергияси истеъмоли энг баланд кўрсаткичга, яъни 250 млн кВт.соатга чиқди. Шунингдек, табиий газга бўлган кунлик талаб қазиб чиқаришга нисбатан юқорилигича сақланиб қолмоқда”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, истеъмолчиларнинг хонадонларни иситиш учун электр қурилмаларидан кенг фойдаланиши натижасида биргина Тошкент шаҳрида кеча кун давомида тармоқларда юкламаларнинг ортиши ҳисобига 1000 дан ортиқ носозлик юзага келган.
Носозликларни бартараф этиш ишларини жадаллаштириш мақсадида республика бўйлаб барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан қўшимча бригадалар Тошкентга жалб қилинган.
Энергетика вазирлиги бундай вазиятда аҳолидан электр энергиясини тежаб ишлатишни сўраган.
“Ҳурматли ватандошлар, албатта биз ушбу вазиятни ўнглаш, носозликларни бартараф этиш учун барча зарурий чораларни кўрмоқдамиз. Мана шундай оғир пайтда барчамиз бирлашиб ҳаракат қилсак бу муаммоларни енгамиз. Бунда энергия ресурсларидан оқилона ва имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланиш энг муҳим омил ҳисобланади. Бунинг учун имкон қадар, хонадонларда биттадан ортиқ электрда ишлайдиган иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик, корхоналар ва ташкилотлар ходимларини вақтинча онлайн иш режимига ўтказиш, ортиқча кўча чироқларини, реклама экранлари ва иллюминациялар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолардаги чироқларни ўчириш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланаётган истеъмолчиларга чора кўриш лозим”.
Бунинг натижасида мазкур тежалган энергия ресурсларини аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтиришга эришилади, дейилади хабарда.
Тошкентда иситиш тизимини яхшилаш учун иссиқ сув босими пасайтирилди
Янгиликлар лентаси
0