Заргарлик буюмларини божхонадан олиб кириш тартиби енгиллашади – янги қарор

© СС0 / Unsplash / OliveЗолотые украшения
Золотые украшения - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.01.2023
Oбуна бўлиш
Эндиликда заргарлик буюмларини сотувчи тадбиркорларга чегирмалар берилади - тафсилотлар.
ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Заргарлик соҳаси маҳаллий саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантирилади. Бу президентнинг 11 январь куни қабул қилинган қарорида назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ, эндиликда заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар қимматбаҳо металларни товар-хомашё биржаси орқали 15 фоизлик аванс тўловини амалга оширган ҳолда кечиктириб тўлаш шарти билан сотишлари мумкин бўлади. Бу тартиб 2026 йил 1 январига қадар амал қилади.
Заргарлик буюмларини сотувчи тадбиркорларга чегирмалар берилади
Шунингдек, 1 февралдан бошлаб 2026 йил 1 февралга қадар "Навоий кон-металлургия комбинати" ва "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металларни биржа савдоларида сотишда тадбиркорларга чегирмалар берилади.
Чегирмалар қуйидаги тартибда тақдим этилади:
100 дан 300 тагача иш ўринларини яратган тадбиркорлик субъектларига - Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг эрталабки фиксинг нархининг 1 фоизи миқдорида;
300 дан 500 тагача иш ўринларини яратганларга -2 фоизи миқдорида;
500 дан 1000 тагача иш ўринларини яратганларга -3 фоизи миқдорида;
1000 та ва ундан ортиқ иш ўринларини яратганларга -4 фоизи миқдорида.
Заргарлик буюмларини Ўзбекистон ташқарисига олиб чиқиш тартиби
Шу йилнинг 1 февралдан бошлаб, резидент ва норезидент жисмоний шахслар қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан ташқарига олиб чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.
Агарда заргарлик буюмлари 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлса йўловчи божхона декларацияси асосида олиб чиқилади.
Шунингдек, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга - заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга рухсат этилади.
2023 йил 1 февралдан бошлаб аффинаж корхоналари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар қимматбаҳо металлар ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган хомашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш, божхона режимига жойлаштириш ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган қайта ишлаш маҳсулотларини ташқарига олиб чиқишда махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия олиш мажбуриятидан озод этилади.
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича ўқув курслар ташкил этилади
Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳаридаги "Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида Италия, Туркия каби хорижий давлатлардан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда махсус ўқув курслари ташкил этилади.
Курсларни муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификат олган шахсларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадлари учун 50 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.
Янгиликлар лентаси
0