Мирзиёев “Глобал Жануб овози” саммитида қандай таклифларни илгари сурди

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.01.2023
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон раҳбари Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди раислигида онлайн шаклда ўтказилган “Глобал Жануб овози” саммитида қатнашди.
ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 январь куни ўтказилган “Глобал Жануб овози” саммити ялпи мажлисида нутқ сўзлади.
Тадбир Ҳиндистоннинг “Катта йигирматалик”ка (G20) раислиги доирасида ташкил этилган онлайн шаклда ташкил этилди.
Ўзбекистон президенти Ҳиндистоннинг G20га раислигини қўллаб-қувватлаб, кун тартибидаги масалалар юзасидан қатор амалий таклифларни илгари сурди.
Энг аввало, бугунги кунда мавжуд халқаро савдо тизимини “Глобал Жануб овози”ни эътиборга олган ҳолда такомиллаштириш таклиф қилинди.
Асосий бозорларга чиқишда ҳамон турли тўсиқ ва чекловларга дуч келаётган ривожланаётган мамлакатларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратилиши лозим.
Ривожланаётган давлатларнинг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, глобал логистика ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, инвестиция ва энг замонавий технологияларни жалб этишда кўмаклашиш масалалари жаҳон саммити кун тартибидан ўрин олиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Яна бир стратегик масала – “Шимол-Жануб” халқаро йўлаги доирасида Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга қаратилган, Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқадиган темир йўлни қуриш лойиҳасини фаол илгари суриш. Ўзбекистон етакчиси ҳамкорларни ушбу муҳим лойиҳада иштирок этишга чақирди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, “яшил” иқтисодиётга ўтиш шароитида тараққий этган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги катта технологик фарқ ўсиб бормоқда. Шу муносабат билан Мирзиёев жаҳоннинг етакчи давлатлари кўмагида “Глобал Жануб” учун “яшил” технология ва инновациялар ахборот банкини яратишни таклиф қилди.
Ўзбекистон раҳбари навбатдаги долзарб масала инсон капиталини ривожлантириш ва профессионал таълим сифатини ошириш эканини кўрсатиб ўтди.
“Иқтидорли ёшларимизни иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, муқобил энергетика, рақамлаштириш ва бошқа устувор соҳалардаги миллий ва халқаро дастурларни ишлаб чиқишга кенг жалб этишимиз керак”, - деди Мирзиёев.
Шундан келиб чиқиб, “Жануб ёшлари овози” доимий мулоқот платформасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Глобал миқёсда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида давлат раҳбари Ўзбекистон илгари сураётган Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро мулоқот гуруҳини шакллантириш таклифини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Онлайн-саммитда билдирилган таклиф ва ташаббуслар ривожланаётган мамлакатларнинг манфаатларини илгари суришга, инсон манфаатига йўналтирилган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Тадбирда Вьетнам президенти Нгуен Суан Фук, Гайана президенти Муҳаммад Ирфон Али, Мозамбик президенти Филипе Ньюси, Сенегал президенти Маки Салл, Бангладеш бош вазири Шайх Хасина, Мўғулистон бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ, Таиланд бош вазири Прают Чан Оча, Камбоджа бош вазири Хун Сен ва Папуа - Янги Гвинея мустақил давлати бош вазири Жеймс Марапе қатнашди.
Янгиликлар лентаси
0