Кимлар имтиёзли тиббий суғурта хизматларидан фойдалана олади?

© Sputnik / Константин Михальчевский / Медиабанкка ўтишМногопрофильный медцентр Крымской республиканской клинической больницы им. Н. А. Семашко
Многопрофильный медцентр Крымской республиканской клинической больницы им. Н. А. Семашко - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.01.2023
Oбуна бўлиш
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси шартнома тузган тиббиёт муассасаларида имтиёзли тоифага кирувчи беморларга кўрсатилган хизмат учун сарфланган харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йилда имтиёзли тоифадаги шахсларни даволаш харажатларини қоплаш учун жами 662,8 миллиард сўм маблағ ажратилди.
“Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси республика ҳудудида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига ўтказилган давлат тиббиёт муассасаларида ҳамда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхатига киритилган касалликларни даволаш харажатларини базавий нархларда тўлиқ қоплаб беради”, - деди жамғарма бошқарма бошлиғи Шуҳрат Алмардонов Sputnik мухбири билан суҳбатда.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифадаги шахсларга болаликдан ногиронлар, чин етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар, Байналмилалчи-жангчилар, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари ва бошқалар киради.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига 14 та республика даражасидаги, 2022 йил 1 октябрдан 12 та республика ихтисослаштирилган тиббиёт маркази қўшилган.
“Жумладан Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази, Академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт марказларини санаб ўтиш мумкин”, - деди Алмардонов.
Жамғарма билан шартнома тузган тиббиёт муассасаларида имтиёзли тоифага кирувчи беморларга кўрсатилган барча турдаги юқори юқори технологик тиббий ёрдам учун сарфланган харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади ва беморлар учун тиббий хизматлар бепул кўрсатилади.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, мамлакатда 52 та ҳудудий тиббиёт муассасалари ва 33 та нодавлат тиббиёт ташкилотлари бу жараёнларга жалб этилган. Улар беморларнинг ўз яшаш ҳудудларида юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш имконини яратишмоқда. Натижада беморларнинг Тошкент шаҳрига келиб, овора бўлишларининг олди олиниб, уларнинг вақти ва маблағлари тежалмоқда.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси 2022 йил давомида 58 минг нафар бемор даволаниши учун давлат бюджетидан 556,1 миллиард сўм маблағ йўналтирди.
2022 йил Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилган эндоваскуляр операциялар сони 160 тани ташкил этди. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бунинг 2 миллиард сўмини қоплаб берган. Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази 25 нафар беморда жигар, 270 нафар беморда буйрак трансплантацияси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилган.
Таъкидланишича, гемодиализ хизматлари учун тўловлар 2023 йилдан бошлаб Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан амалга оширилади. Шунингдек, давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар рўйхати ҳамда базавий нархлари янада такомиллаштирилади.
Республиканинг иккита ҳудудида тиббий суғурта тизими жорий этилади
Янгиликлар лентаси
0