“Юксалиш” ҳаракати ОАВда дори рекламасини чеклашни таклиф қилди
12:51 09.01.2023 (янгиланди: 12:55 09.01.2023)
© Depositphotos / MotorolkaКапсулы и таблетки
© Depositphotos / Motorolka
Oбуна бўлиш
Ҳаракат дори воситаларини назоратсиз қўллаш амалиётини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди.
ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ОАВда дориларнинг бевосита рекламасига чекловлар жорий этиш зарурлигини маълум қилди.
Ҳаракат дори воситаларини назоратсиз қўллаш амалиётини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди. Чунки бугун фуқаролар қайси дорини ичиш бўйича кўпинча шифокор билан эмас, дорихона сотувчилари билан маслаҳатлашмоқда.
“Кўплаб дори воситаларини шифокор рецептисиз осонгина аптекадан харид қилишимиз мумкин ва бу дорилардан нотўғри фойдаланиш хавфини яратмоқда”, — дейилади хабарда.
Турли мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, шифохоналарга ётқизилган беморларнинг ўртача 10−20 фоизида дорилар ножўя таъсир қилганлик ҳолати кузатилади, қизиғи, ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич икки баравар юқорини ташкил қилади. 2008−2018 йилларда Ўзбекистонда дори воситалари билан ўзини ўзи даволаш натижасида соғлиқнинг ёмонлашганлиги билан боғлиқ 2300 та ҳолат рўйхатга олинган.
“Шунинг учун, аввало, оммавий ахборот воситаларида дориларнинг бевосита рекламасига чекловлар жорий этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Хусусан, дори воситалари рекламасини фақат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рухсати билан амалга ошириш. Келгусида ОАВларда дориларининг бевосита рекламасини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқиш”, - дейилган хабарда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дори воситаларини назоратсиз қўллаш ва ўзини ўзи даволаш даражасининг ошиши айнан реклама билан боғлиқдир. Бундай даволаниш натижасидаги ўлим ҳолатлари жароҳатлар, қон айланиш касалликлари, онкологик ва пульмонологик касалликлардан кейин 5-ўринда туради.
“Юксалиш” дори воситаларининг рекламасига оид қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда.
“Дори воситаларининг рекламасига оид тартиб ва қонунчиликни бузганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик ва бундай ҳолатлар оғир оқибатларга олиб келган тақдирда, жиноий жавобгарлик бегилаш лозим, деб ҳисоблаймиз”, — дея маълум қилди ҳаракат.
Дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сертификатлаш ташкилотлари масъулиятини кучайтириш муҳим ҳисобланади. "Юксалиш" Жиноят кодексининг 186−3-моддаси субъектлари қаторига сифатсиз, қалбакилаштирилган ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган дори воситаларини тарқатишга йўл қўйган шахсларни ҳам киритиш таклиф этмоқда.
Ҳаракат фуқароларни замонавий ташхис имкониятларидан фойдаланишини, даволашнинг ягона стандартларига асосланган тиббий суғурта тизимига ўтишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлаган.
“Одамлар кўпинча ўзини-ўзи даволашга уринмоқда, аниқ ташхисни билмасдан, рекламага ишониб, турли дориларни қабул қилмоқда. Бу каби хатолар, шунингдек, шифокорлар томонидан дориларни буюриш жараёнида ҳам юз беряпти. Афсуски, уларнинг баъзилари алоҳида препаратларни тарғиб қилишдан молиявий манфаат кўзламоқдалар. Шунинг учун ҳам тиббий суғурталаш тизимига имкон қадар тезроқ ўтишимиз керак”, — дейилади баёнотда.
Шунингдек, “Юксалиш” фармацевтика соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди.
"Аҳоли қайси дори воситалари импорт қилинаётгани, ишлаб чиқарувчилар кимлиги, уларнинг хориждаги нуфузи, сертификатлаштириш жараёни қандай олиб борилаётганини билишга ҳақли. Шунингдек, кенг аҳоли манфаатларига дахлдор бўлган фармацевтика саноатига оид ахборотларни бериб борувчи очиқ маълумотлар базасини шакллантириш лозим, деб ҳисоблаймиз", — дея таъкидлади хабарда.
Қайд этилишича, сотиладиган барча турдаги дори-дармонларни мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнини тезлаштириш муҳимдир. Харидор маркировка орқали дорининг ҳақиқийлигини текшириши мумкин.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати парламент, масъул вазирлик ва идораларни тезкор чораларни кўришга, тиббиёт муассасалари ва фармацевтика соҳаси институтларини, аввало, тижорий эмас, балки ижтимоий манфаатларни устувор қўйишларига чақирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йил сентябрида “Реклама тўғрисида”ги қонун кучга кирган эди. Қонуннинг 34-моддасида дори воситалари рекламаси бўйича бир қанча чекловлар белгиланган. Хусусан, фақат шифокорнинг рецепти бўйича тарқатиладиган, таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп ва (ёки) кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган, мамлакатда тиббиётда қўлланиш учун рухсат этилмаган ва Соғлиқни сақлаш вазирлигида давлат рўйхатидан ўтмаган дори воситалари рекламаси тақиқланган.