Таътил даврида талабаларга шароит яратилиши маълум қилинди

© Sputnik / Евгений Одиноков / Медиабанкка ўтишПустая аудитория
Пустая аудитория - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.01.2023
Oбуна бўлиш
Талабалар ҳар қандай муаммоли вазиятларда ўзлари таҳсил олаётган олий таълим муассасаси ректоратига мурожаат қилишлари сўралади, дейилади хабарда.
ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Таътил даврида олий таълим муассасаларида ўқувчи талабаларга шароит яратилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Aбдураҳмонов барча олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорларига узайтирилган таътил якунига етмай олийгоҳга келган талабаларга тегишли шарт-шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берган.
“Aйни дамда қишки таътил узайтирилди, аммо ётоқхонага эртароқ келиб, ўқишга тайёргарлик кўриш ёки бошқа мақсадли ишларни кўзлаб ҳудудлардан таълим муассасаларига келиб бўлган талабаларга қишки қўшимча таътилни ўз яқинлари билан бирга ота-оналари бағрида самарали ўтказишлари тавсия қилинади ва бунга барча шароитлар яратиш бўйича индивидуал ишлар олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳаво ҳароратининг кескин тушиши натижасида мавсумий юқумли касалликларнинг авж олиши юқори эканлиги тушунтирилиб, ҳар бир талабага реал вазиятдан келиб чиқиб, хоҳишларига кўра зарур шароит яратиб бериш чоралари кўрилади.
Шу ўринда, ўз яшаш ҳудудларида қолган талабаларга ўз устиларида ишлаш, китоб мутолаа қилиш, онлайн дарслар орқали ўз билим ва кўникмаларини оширишлари ташкил этилади.
“Талабалар ҳар қандай муаммоли вазиятларда ўзлари таҳсил олаётган олий таълим муассасаси ректоратига мурожаат қилишлари сўралади”, дейилади хабарда.
Айтилишича, бу чораларнинг барчаси ҳаво ҳароратининг кескин тушиши натижасида талабалар соғлигига жиддий зарар етказмаслик мақсадида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилди.
Янгиликлар лентаси
0