“Док-1 МАКС” ва “Амбронол” лаборатория синовларидан ўтказилмаган – ДХХ

© unsplash.com/Towfiqu barbhuiyaМедицинский сироп.
Медицинский сироп. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.01.2023
Oбуна бўлиш
Жиноят иши доирасида гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган.
ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. “Док-1 МАКС” ва “Амбронол” дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ масъул шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 1863-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Quramax Medikal” МЧЖ томонидан Ўзбекистонга импорт қилинган ушбу препаратлар “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ томонидан лаборатория синовларидан ўтказилган ҳамда уларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилиб, ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаганлиги оқибатида сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган.
Жиноят иши доирасида “Quramax Medikal” МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходимлари ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖнинг 2 нафар масъул ходимлари гумонланувчи шахслар сифатида ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида “Quramax Medikal” МЧЖ томонидан Ҳиндистон давлатидан Ўзбекистонга импорт қилинаётган дори воситаларининг божхона назоратидан ўтказилиши тўхтатилди ҳамда дорихоналардаги бундай препаратлар йиғиб олинди. Ҳозирда бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
“Quramax Medikal” МЧЖга тегишли дори воситаларини Ўзбекистонда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги мутасадди ходимларнинг ушбу ҳолат бўйича амалга оширган ҳаракатларини текшириш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 19 бола вафот этган.
ССВ ишчи гуруҳи олиб борган дастлабки лаборатор ўрганишлар “Док-1 Макс” сиропининг таркибида этиленгликол мавжудлигини кўрсатган. Бу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни келтириб чиқаради. Дори савдоси эса тўхтатилган.
Соғлиқни сақлаш вазири Самарқандда “Док-1 Макс”ни қабул қилгач вафот этган болаларнинг ота-онасига ҳамдардлик билдириб, ишга алоқадор барча шахслар жавобгарликка тортилишини маълум қилди. Шунингдек, у мазкур маълумот вилоят тиббиёт ходимлари томонидан вазирликдан яширилганини айтди.
Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси "Док-1 Макс" билан боғлиқ ҳолат бўйича “Quramax medical” ва “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш очган.
Кўп ўтмай президент Шавкат Мирзиёев Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Сардор Кариевни ишдан ишдан олди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова “Док-1 Макс” дори воситаси 2012 йилдан бери Ўзбекистонда қўлланиб келингани, лекин сўнгги сериясида унинг таркибидаги қўшимча моддалардан бири ўзгарганини маълум қилди.
Янгиликлар лентаси
0