Мишустин дўст давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга чақирди
© Sputnik / Дмитрий Астахов / Медиабанкка ўтишПремьер-министр РФ М. Мишустин провел совещание с вице-премьерами РФ
© Sputnik / Дмитрий Астахов
/ Oбуна бўлиш
РФ бош вазирига кўра, санкция босимига қарамай, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш зарур.
ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Россия дўст давлатлар билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириши керак, жумладан, инновациялар соҳасида ҳам, деди бош вазир Михаил Мишустин Инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси бош директори Сергей Поляков билан учрашувда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Ҳозирги шароитда мамлакатимизда жиддий илмий изланишларни талаб қилувчи маҳсулотларни ривожлантириш, Россия саноати, хизмат кўрсатиш соҳамизга янги ғоялар ва технологик ечимларни таклиф этишни давом эттириш айниқса муҳим. Санкция босимига қарамай, халқаро ҳамкорликни, биринчи навбатда, кўпгина дўст давлатлар билан ривожлантириш зарур”, - деди Мишустин.
Унинг қўшимча қилишича, яқин йиллардаги асосий вазифалардан бири давлат, фан ва бизнес ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги, янада самарали шаклларини излаш ва амалга ошириш орқали Россиянинг технологик мустақиллигига эришишдир.
“Илм-фандаги барча бугунги натижалар, келажакдаги ютуқлар Россия президенти ва ҳукумати алоҳида эътибор қаратадиган мавзудир. Илмий ва техник ютуқлар халқимиз ҳаётини сифат жиҳатидан ўзгартириши, иқтисодиётимизга, технологияларнинг ривожланишига янги туртки бериши ва узоқ муддатли истиқболда Россия Федерациясининг барқарор олдинга силжишини таъминлаши мумкин”, - дея таъкидлади Мишустин.
Шунингдек, бош вазир кичик бизнес субъектларини ишлаб чиқаришда илмий фаолиятга фаол жалб этиш зарурлигини ҳам қўшимча қилди.
“Ҳар бир инқироз – бу янги имконият. Биз инновацион юқори технологияли лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак. Бу жуда муҳим”, - деди у.
Маълумот учун, Россияга дўст бўлмаган давлатлар рўйхатига Австралия, Албания, Андорра, Багама ороллари, Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Исландия, Канада, Лихтенштейн, Микронезия, Монако, Янги Зеландия, Норвегия, Корея Республикаси, Сан-Марино, Шимолий Македония, Сингапур, АҚШ, Тайвань, Украина, Черногория, Швейцария, Япония киритилган.