Байрам кунларида қандай ўзбек фильмларини томоша қилиш мумкин

© Foto : НА "Узбеккино"Фильм "Две тысячи песен Фариды"
Фильм Две тысячи песен Фариды - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 31.12.2022
Oбуна бўлиш
Таътил кунларида қандай ўзбек фильмларини томоша қилиб, ҳордиқ чиқариш мумкин? Sputnik шундай фильмлар бешталигини тузди
Янги йил байрамига саноқли кунлар қолди. Байрам муносабати билан берилган таътил кунларида кўпчилик вақтини оила даврасида, телевизор қаршисида ўтказади.
Таътил кунларида қандай ўзбек фильмларини томоша қилиб, ҳордиқ чиқариш мумкин? Sputnik шундай фильмлар бешталигини тузди ҳамда суратга олинганига кўп бўлмаган, шунингдек, соғиниб томоша қилинадиган фильмларни жамлади.

“Самарқандда қовун таровати”

2021 йилда суратга олинган “Самарқандда қовун таровати” фильми оддий одамлар ҳақида ҳикоя қилади. Фильм режиссёри – Али Ҳамраев. “Самарқандда қовун таровати” фильми жорий йил Милан шаҳрида бўлиб ўтган V FELIX халқаро кинофестивалида ғолиб бўлди. Ушбу кинофестивалнинг мақсади кино, дизайн ва маданият орқали инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишдан иборат.

“Иссиқ нон”

“Иссиқ нон” “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг буюртмасига кўра, “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан тасвирга олинган. Фильм режиссёри – Умид Ҳамдамов. Фильм бош қаҳрамон — Зулфия исмли 13-14 ёшлардаги қизчанинг мактаб-интернатдан кўчиб, энди ойиси билан яшаши ҳақидаги орзулар оғушида, қувонч билан бу масканни тарк этишидан бошланади. Аммо Зулфия дарҳол ёлғонга дуч келади: бувиси уни онасининг олдига эмас, ўзининг уйига — узоқ қишлоққа олиб кетади. Давомига қизиққан бўлсангиз, фильмни албатта томоша қилинг.

“Фариданинг 2000 қўшиғи”

“Фариданинг 2000 қўшиғи” 2020 йилда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Fox music cinema” студияси томонидан суратга олинган. Фильм режиссёри – Ёлқин Тўйчиев. Фильмда ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади.

“Маҳаллада дув-дув гап”

“Маҳаллада дув-дув гап“ фильми 1960 йилда яратилган. У оқ-қора кинотасмага олинган ўзбек кинокомедияси ҳисобланади. Фильмга Юрий Степчук режиссёрлик, Шуҳрат Аббосов продюсерлик қилган. “Маҳаллада дув-дув гап” энг сара ўзбек фильмларидан бири. Фильмда Тошкент шаҳрининг эски қисмидаги маҳаллалардан биридаги замонавий турар-жой бинолари қандай қурилаётгани ҳақида ҳикоя қилинади.

“Келинлар қўзғолони”

“Келинлар қўзғолони” таниқли ўзбек режиссёри Мелис Абзалов томонидан 1984 йилда яратилган. Комедия Саид Аҳмаднинг шу номли асари асосида суратга олинган. Фильм совет даврида олинган энг яхши ўзбек кинокомедияларидан бири ҳисобланади. Кинокомедияда Фармон биби меҳрибон, аммо жуда қаттиққўл она бўлиб, ўзининг етти ўғли ва уларнинг оилалари билан бир ҳовлида яшайди. Энг кенжа келин Нигора Фармон бибига қарши “қўзғолон” кўтаради, бошқа келинлар эса уни қўллаб-қувватлайди.
Янгиликлар лентаси
0