Олий суд "Россия мигрантлар федерацияси" жамоат ташкилотини тугатди

© Sputnik / Максим Богодвид / Медиабанкка ўтишМолоток судьи в зале суда
Молоток судьи в зале суда - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.12.2022
Oбуна бўлиш
Олий суд Адлия вазирлигининг даъвосига кўра Россия Мигрантлар Федерациясини тугатди
ТОШКЕНТ, 22 дек – Sputnik. Россия Федерацияси Олий суди Адлия вазирлигининг даъвосига кўра, Россия Мигрантлар Федерацияси (ФМР) жамоат ташкилотини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар хабар қилмоқда.
Хабарда айтилишига кўра, суд қарори 2022 йил 18 августда қабул қилинган ва 20 декабрда бўлиб ўтган апелляция суди уни ўзгаришсиз қолдирган.
Суд қарорида айтилишига кўра, ушбу жамоат ташкилоти Россия қонунчилигига хилоф равишда фаолият юритган. Хусусан, 2021 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган аудитда аниқланган камчиликларни бартараф этмаган.
Шунингдек, жамоат ташкилоти ўз Низомида кўрсатилмаган фаолият билан ҳам шуғулланган. Хусусан 2018-2020 йилларда аралаш яккакурашлар (ММА) бўйича еттита халқаро турнир ўтказган.
Ундан ташқари ФМР - ташкилот муҳри, бланкалари ва веб-сайтидаги давлат рамзлардан фойдаланиш қоидаларини бузган ва ушбу қоидабузарликларни ўз вақтида бартараф этмаган.
ФМР вакили ва Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов даъволарни тан олмади ва суддан даъвони рад этишни сўради, дейилади хабарда

Россия мигрантлари федерацияси (ФМР)

Ташкилот саҳифасида келтирилган маълумотга кўра, ФМР 2005 йилда "Россия Федерацияси Президенти Администрацияси Ички сиёсат бўлими кўмагида хорижий диаспораларнинг нуфузли раҳбарларининг ташаббуси билан" ташкил этилган.
Бугунги кунда ФМР “собиқ иттифоқ республикалари – Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Арманистон, Озарбайжон ва узоқ хорижий мамлакатлар – Ҳиндистон, Покистон, Непал, Афғонистон ва бошқа кўплаб диаспора вакилларини бирлаштирган жамоат ташкилоти” ва ташкилотнинг филиаллари Россиянинг кўплаб субъектларида "фаол ишламоқда", дейилади федерация сайтида.
Шунингдек, ФМР "мигрантларга рус тилини ўрганиш ва таълим олишда ёрдам беради, мослашиш марказларини яратиш ва мигрантларнинг ҳуқуқий ҳаётини таъминлашга ҳисса қўшади", экстремизм ва терроризмга қарши кураш олиб боради, бағрикенгликни тарғиб қилади ва кўплаб спорт ва маданий тадбирларни тизимли равишда ўтказади”, дейилади ташкилот сайтида.
Янгиликлар лентаси
0