Номинал қиймати 1000 сўм бўлган тангалар муомалага чиқарилади

© unsplash/Towfiqu barbhuiyaРуки, складывающие столбик из монет.
Руки, складывающие столбик из монет. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.12.2022
Oбуна бўлиш
Муомалага чиқарилаётган 1000 сўмлик танга кўринишидаги пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда муомалада бўлади.
ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Ўзбекистонда 26 декабридан бошлаб 1000 сўмлик тангалар муомалага чиқарилади. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Марказий банкининг номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишидаги пул белгиси 2 хил рангдаги комбинациядан иборат бўлиб, ички айланаси сариқ рангли мис ва латун, ташқи айланаси кумуш рангли никель қотишмасидан тайёрланган.
Танга диаметри – 26,27 мм, ички диск диаметри – 17,6 мм, қалинлиги – 1,6 мм, оғирлиги – 7,3 гр.
Танганинг олд томонида (аверс) Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган “Ислом цивилизацияси маркази”нинг биноси тасвирланган.
Тасвирнинг пастки қисмида ботиқ ҳолда танга қиймати “1000” рақами ва лотин босма ҳарфларида “so’m” сўзи ёзилган.
Танга орқа томони (реверс) марказида Давлат Герби тасвирланган. Гербнинг ташқи айланаси бўйлаб босма лотин ҳарфларида айланасимон кўринишда “O’ZBEKISTON MARKAZIY BANKI” сўзлари ёзилган. Гербнинг остида танга намунаси тасдиқланган йил – “2022” рақами кўрсатилган.
“Муомалага чиқарилаётган 1000 сўмлик танга кўринишидаги пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади. Яъни, 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, янги кўринишдаги ушбу пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбоева тегишли қарор имзолаганди. Ҳужжатга кўра, парламентнинг юқори палатаси Марказий банкининг тангалар, шунингдек, номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнотларни муомалага чиқариш тўғрисидаги таклифини маъқуллаган.
Янгиликлар лентаси
0