Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига ажиотаж талаб юзага келганда таҳлил ўтказилади

© SputnikСупермаркет “Экобозор” в Ташкенте
Супермаркет “Экобозор” в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.12.2022
Oбуна бўлиш
Нархларнинг кескин тебраниши ҳолатлари ёки бозорда ажиотаж талаб юзага келганда ваколатли орган томонидан таҳлил ўтказилади - янги қарор.
ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига ажиотаж талаб юзага келганда таҳлил ўтказилади. Бу бўйича Ҳукуматнинг 716-сонли қарори билан тегишли низом тадиқланди.
Ҳужжатга кўра, нархларнинг кескин тебраниши ҳолатлари ёки бозорда ажиотаж талаб юзага келганда ваколатли орган томонидан таҳлил ўтказилади.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин тебраниш даври ушбу маҳсулотларнинг нархи охирги 30 кунгача бўлган даврда Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг ёки ундан юқори даражада ошганда ёки бозорда ажиотаж талаб юзага келганда, 6 ойгача бўлган муддатга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Асосий турдаги товарлар нархларининг ўзгариш динамикасини кузатиб бориш мақсадида мунтазам равишда:
бозорлар, савдо комплексларида, чакана савдо тармоқларида, биржаларда кунлик шаклланган нархлар тўғрисидаги маълумотларни;
статистика ва божхона органлари маълумотларини (маълумот, бюллетень ва бошқаларни);
оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маълумотларни тўплаш орқали мониторинг ўтказиб боради.
Бозорда маҳсулотлар (товарлар)нинг сунъий тақчиллигини келтириб чиқарган аломатлар аниқланганда, ваколатли орган хўжалик юритувчи субъектларнинг биноларига бевосита кириш ҳамда омбордаги мавжуд захираларни хатловдан ўтказади.
Низом қоидалари юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хом ашё ва материаллар ҳамда ушбу қуйидаги озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилади:
буғдой ва ун;
қолипли нон;
мол гўшти;
парранда гўшти;
тухум;
пахта ёғи;
кунгабоқар ёғи;
гуруч;
шакар;
сут (қадоқланган).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитасига айрим товарлар нархини назорат қилиш ваколати берилиши маълум қилинганди.
Унга кўра, қўмита 45 турдаги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар (бензин, кўмир, металл, цемент ва ҳоказо) ва 10 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол маҳсулотларининг (ун, гўшт, нон, шакар, ўсимлик ёғи ва ҳоказо) нархларини асоссиз оширилмаслигини назорат қилади.
Қўмита ушбу маҳсулотлар нархларининг ўзгариш динамикасини мониторинг қилади, уларнинг тебранишига таъсир этган омиллар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилади.
Янгиликлар лентаси
0