БМТ Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусини қўллаб-қувватлади
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев выступил на 46-й сессии Совета по правам человека ООН
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
БМТ Бош Ассамблеяси Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус пандемиясидан кейинги даврда парламентлар ролини ошириш кераклиги ҳақидаги таклифини маъқуллади.
ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. 14 декабрь куни БМТ Бош ассамблеяси “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу резолюцияни қабул қилиш таклифи Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди.
Резолюцияда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентларнинг муҳим ўрни қайд этилади.
Шунингдек, хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи органлар ишида ва парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокига кўмаклашиш орқали БРМга эришишни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг марказий омили сифатида гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
2030 йилга қадар бўлган даврдаги кун тартибининг муваффақиятли амалга оширилишида ёшларнинг ўрни ва ҳиссаси муҳимлиги, ёшларнинг парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокини таъминлаш зарурлиги эътироф этилган.
Дунёнинг барча қитъаларидаги 80 та давлат, шу жумладан Марказий Осиё мамлакатлари, Австрия, Бангладеш, Баҳрайн, Бельгия, Германия, Жазоир, Испания, Индонезия, Италия, Колумбия, Корея Республикаси, Малайзия, Миср, Нидерландия, Норвегия, Покистон, Португалия, Россия, Сингапур, Финляндия, Франция, ХХР, Швеция, Япония, Қатар ва бошқалар ҳужжатнинг ҳаммуаллифлари бўлди.
Парламентлараро иттифоқ ушбу ҳужжатни 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясининг Олий даражадаги ҳафтаси доирасида бўлиб ўтадиган БРМ саммитига тайёргарлик йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.