Мирзиёев бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва раҳбарларга фавқулодда режимда ишлашни буюрди

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев проводит совещание
Шавкат Мирзиёев проводит совещание  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.12.2022
Oбуна бўлиш
Президент видеоселектор йиғилишида ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш масаласига тўхталди.
ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик ва саноатни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш масаласига ҳам тўхталди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби маълум қилди.
Охирги олти йилда соҳада катта ўзгаришлар бўлгани,
жумладан:
- 5 минг мегаваттдан ортиқ янги электр қувватлари яратилгани (аввалги 25 йилда бор-йўғи 3,3 минг мегаватт қувватлар ишга тушган);
- 45 минг километр электр тармоқлари ва 13 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари янгилангани (бу ҳам аввалги йилларга нисбатан 3-4 баравар кўп);
- суюлтирилган газ ва кўмир ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошгани таъкидланди.
“Лекин бир ҳафта бўлган совуқда О.Раматов, М.Абдуллаев, Ф.Абдураҳмонов, Д.Исакулов, У.Мустафоев, Б.Норматов, Б.Эшмуродов, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари пастда ишламагани кўриниб қолди”, - деди президент
Йиғилишда бугунги оғир вазиятда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишлар, ўғирликлар давом этаётгани, бунга жойлардаги раҳбарлар бефарқ ва шерик бўлаётганига чидаб бўлмаслиги қайд этилди.
Декабрь ойи бошидан қарийб 3 мингта, сўнгги икки кунда эса 1,5 мингта бундай ҳолат аниқланди. Улар айниқса, Фарғона (617 та), Андижон (325 та), Самарқанд (252 та), Наманган (220 та), Сирдарё (218 та), Тошкент шаҳрида (269 та) кўп.
Мисол учун, электрдан 8 миллион киловатт ўғирланган, бу – куз-қиш мавсумида 41 минг ҳовли уйларнинг бир ойлик истеъмолига тенг.
Шу билан бирга, 11,5 миллион куб метр ёки 19 минг хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг табиий газ ноқонуний ишлатилгани аниқланди.
Ўтган ҳафта Наманганда 110 тонна, Қорақалпоғистонда 22 тонна аҳолига берилиши керак бўлган кўмир ноқонуний равишда сотиб юборилган.
Йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, "Ўзбекнефтгаз" раиси М.Абдуллаев, "Иссиқлик электр станциялари" раиси Ф.Абдураҳмонов, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" раиси Д.Исакулов, "Ҳудудий электр тармоқлари" раиси У.Мустафоев, "Ўзтрансгаз" раиси Б.Норматов, "Ҳудудгазтаъминот" раиси Б.Эшмуродовга ҳайфсан берилди.
"Агар улар одамларни аниқ режа ва таҳлил билан огоҳлантирганида, адолатли ҳақиқатни айтганида, одамларимиз тўғри тушуниб, норози бўлмас эди", - деди президент.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва ушбу раҳбарларга икки ой давомида фавқулодда режимда ишлашга топшириқ берилди.
Вилоят ҳокимларига ўн кун муддатда ушбу объектларга бирма-бир бориб кўриб, шароит ва аҳолига хизмат сифатини яхшилаш, энергия сарфи ва йўқотишларни камайтириш бўйича таклиф бериш топширилди.
Бугундан бошлаб ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳамма кучини сафарбар қилиб, шароит оғир маҳаллаларда одамларни рози қилиш билан шуғулланиши кераклиги таъкидланди.
Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, Миллия гвардия, Энергетика вазирлигига ноқонуний уланишлар, ўғирликлар бўйича назоратни кучайтириш топширилди.
“Умуман, энергия ресурслари таъминотидаги бугунги вазият тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари учун катта сабоқ бўлиши лозим. Энергия таъминоти “қўл бошқаруви” орқали эмас, тизим асосида ишлаши керак”, - деди давлат раҳбари.
Икки ой муддатда энергия таъминоти тизимини ўзгартириш, янги талабларга мослаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.
Аи-80 маркали бензин нархини тушириш учун 1 мартгача жорий этилган акциз солиғидан озод қилиш имтиёзи жойларда “ўйинга айланиб кетмаслиги” кераклиги қатъий кўрсатиб ўтилди.
Бош прокуратура ва Монополия қўмитасига вилоят ҳокимлари билан бирга:
- биржа савдоларида ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархининг сунъий ошиб кетишининг олдини олиш чораларини доимий кўриб бориш;
- суюлтирилган газ ва кўмирни аҳолига ўз вақтида етказиб бериш устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Янгиликлар лентаси
0