Электр ва газ борасидаги муаммоларни тезкор ҳал қилувчи штаблар ташкил этилди
© Пресс-служба президента УзбекистанаАдминистрация раҳбари Сардор Умурзаков
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Президент топшириғига асосан, Бош вазир бошчилигида Ўзбекистон ҳудудида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилиб бориш Ҳукумат ишчи гуруҳи тузилади.
ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Электр ва газ борасида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал қилиш учун туну кун ишлайдиган штаблар ташкил этилди. Бу ҳақда президент Администрация раҳбари Сардор Умурзаков раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда жорий йил якуни билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кутилаётган натижалар ва энергетикадаги вазият муҳокама этилди.
Мажлис давомида қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун масъул мутасаддилар ишидаги жиддий камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалаларини тезкор ва тизимли ҳал этиб бориш мақсадида Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида куну тун ишлайдиган штаблар ташкил этиш топширилди.
Бу масалалар бўйича кунлик назорат ўрнатиш учун президент маслаҳатчилари ва Бош вазир ўринбосарлари ҳар бир вилоят ҳокимига бириктириладиган бўлди.
Штаблар ва бириктирилган раҳбарлар алоҳида эътиборни қуйидагиларга қаратади:
электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳамда уларни истеъмолчиларга етказиб бериш;
аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари учун кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш;
қўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатувчи қозонхоналарнинг ишлаш ҳолатини назорат қилиш ва бошқалар.
Қайд этилишича, давлат ташкилотлари машиналарига вақтинча газ қуйиш тақиқланди. АИ-80 бензини учун акциз солиғи бекор қилинди.
Юзага келган вазиятни нормаллаштириш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди:
товар газ етказиб бериш ҳажмини суткасига 5 миллион куб метрга ошириш;
2023 йил 1 мартга қадар давлат идоралари тасарруфидаги сиқилган газда ҳаракатланадиган автомобиллардан фойдаланишни тақиқлаш, уларни бензинга ўтказиш;
хорижий давлатлар билан қўшимча табиий газ, электр энергияси, кўмир, мазут харид қилиш бўйича музокараларни жадаллаштириш;
2 ой муддатга АИ-80 бензини импорти учун акциз солиғи ва уни чакана сотиш учун акциз солиғини ҳисоблаш ва ундиришни тўхтатиб туриш;
биржа сотувларига қўйилаётган АИ-80 бензининг кунлик ҳажмини ошириш;
АИ-80 бензини нархининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, нарх ошиши бошланғич нархнинг 5 фоизидан ортиқ бўлмаслигини таъминлаш.
Қўшимча чоралар:
барча ишлаб чиқарувчилар ва трейдерларга суюлтирилган газни экспорт қилиш тақиқланади;
табиий газ етказиб бериш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришга рухсат берилади;
Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларига электр энергияси етказиб беришга ўрнатилган вақтинча чекловлар йил якунига қадар узайтирилди;
бензин ва дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш учун хомашё ҳамда тайёр бензин импорти оширилади;
биржада АИ-80 бензини савдосига воситачи компанияларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Бош вазир бошчилигида Ҳукумат ишчи гуруҳи тузилди
Президент топшириғига асосан, Бош вазир бошчилигида Ўзбекистон ҳудудида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилиб бориш Ҳукумат ишчи гуруҳи тузилади.
Ишчи гуруҳ қуйидаги ишларни амалга оширади:
республика ҳудудида энергия тақчиллиги муносабати билан юзага келган вазиятни қисқа муддатларда чуқур таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тезкор чоралар кўриб бориш;
электр энергияси ва газни биринчи навбатда аҳолига етказиб бериш заруриятини эътиборга олган ҳолда, мавжуд энергия ресурсларини мувозанатли тақсимлаб бориш ва ушбу жараённи қатъий назорат қилиш;
электр энергияси ва газ тақчиллиги шароитида муқобил энергия маҳсулотлари билан аҳолини ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз таъминлаш ишларини жадаллаштириш;
ижтимоий объектлар, жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш юзасидан зарур маблағлар ажратиб бориш ва уларнинг мақсадли ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш.
Шунингдек, энергия тақчиллиги ва унинг оқибатида юзага келадиган салбий оқибатлар, айниқса иқтисодиётга таъсирини камайтириш мақсадида, комплекс чора-тадбирлар кўриш юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун киритиш вазифаси юклатилади.