Бензин нархини оширган “заправкалар”га чора кўрилади - Монополияга қарши курашиш қўмитаси

© Sputnik / Константин МихальчевскийЗаправочная колонка
Заправочная колонка - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.12.2022
Oбуна бўлиш
Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин нархини сунъий ошириш ҳолатларини назоратга олди - тавсилотлар.
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин нархини сунъий ошириш ҳолатларини назоратга олиб, автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчаларини (АЁҚШ) огоҳлантирди.
Қайд этилишича, республиканинг айрим ҳудудларидаги АЁҚШларда AI-80 бензиннинг чакана нархлари ўртача 6 800 сўмдан 7 100 сўмгача ошганлиги кузатилмоқда.
Биржа савдолари натижасига кўра 5 декабрь куни AI-80 бензин маҳсулотининг нархи 1 тн учун ўртача 8 млн сўмни ташкил этиб, мазкур кўрсаткич ўтган ноябрь ойига нисбатан 4 фоизга ошган.
Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан харид қилинган бензин ўртача 5-10 кундан кейин юклаб жўнатилади ва сотувга чиқарилади. Яъни, биржа савдоларида кузатилган нарх ўсиши 10 кундан кейин АЁҚШлардаги чакана нархларга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан автомобил бензини нархларини сунъий оширишга, танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик мақсадида, биржа савдоларига қўйиладиган AI-80 маркали бензиннинг кунлик ҳажмларини ошириш ва нархларни барқарорлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 5 декабрь кунидан бошлаб биржа савдоларига қўшимча 1 минг тонна AI-80 бензини қўйилиши таъминланди.

Хабарда республикадаги барча АЁҚШлардан фуқароларни газ ва иссиқлик билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ қуйиш шохобчалари вақтинчалик ёпилиши эвазига бензинга бўлган талаб ошганлиги сабабли асоссиз қўшимча даромад олиш ҳолатларига йўл қўймасликлари сўралмоқда.

Қўмита бензин нархларини мониторинг қилиб боради. Нархларни сунъий равишда ошириш ҳолати аниқланган тақдирда ушбу субъектларга белгиланган тартибда тегишли чора кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда “AI-80 русумли бензин йўқ деб қиммат бензинларни сотишаётган экан” мазмунидаги хабарлар тарқалган эди. Бу бўйича Энергетика вазирлиги “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчаларида барча маркали автобензин етарли ва уларнинг нархи оширилмаганини маълум қилди.
Янгиликлар лентаси
0