Пайариқдан сакларнинг икки минг йиллик бронза қозони топилди

© Агентство культурного наследияВ Паярыке найдены двухтысячелетний сакский бронзовый котел
В Паярыке найдены двухтысячелетний сакский бронзовый котел - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.12.2022
Oбуна бўлиш
Ноёб буюм аслида бундан 29 йил аввал топилган ва хўжалик буюми сифатида фойдаланиб келинган.
ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидан сакларнинг икки минг йиллик бронза қозони топилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, аслида ушбу ноёб ашё бундан 29 йил олдин топилган. Фақат уни топиб олганлар унинг ноёблигини билишмаган ва уй –рўзғор ишларида фойдаланиб келишган.
Яқинда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси илмий ходимлари музей тўпламларини бойитиш мақсадида вилоят бўйлаб экспедицияга чиққан ва ноёб ашёни аниқлаган. Қозоннинг баландлиги 37 см, оғиз қисмининг диаметри 52 см.ни ташкил этади. Қозон Еттисув воҳаси сак қабилаларига оид бўлиб, милоддан аввалги II-I асрларга оиддир.
Ушбу қозон 1993 йилда Пайариқ тумани Муҳаммади қишлоғи фуқароси ўша вақтда мактабда директор бўлиб фаолият юритган Анвар Шоғдоров томонидан Қароқчи тоғи ва Тешиктепа археологик ёдгорлиги оралиғидаги адирдан канал қазиш вақтида топиб олинган.
“Ушбу ҳудудда бронза қозонларнинг аниқланиши биринчи марта эмас. Қароқчи тоғининг Қўшработ туманидан ўтган қисми ён бағрида жойлашган Сирлибойтепадан, Пайариқ туманидаги Кўктепа археологик ёдгорлигидан ҳам сакларга оид бронза қозонлар топилган. Шунингдек, 2017 йилда Каттақўрғон туманининг Оқтов тоғларига туташ Йилқиҳайдар қишлоғидан ҳам маҳаллий аҳоли томонидан топилган сакларнинг бронза қозони музей-қўриқхонага топширилган”, - дейилади хабарда.
Бронза қозонлар бугунга қадар Шимолий Хитойдан то Дунай дарёси бўйигача бўлган ҳудудларнинг деярли барча ерида топиб ўрганилган бўлиб, қозонларни саклар, скифлар, сармат ва савроматлар каби кўчманчи қабилаларнинг дегрез усталари минг йиллар давомида қуйиб келишган ва қимматбаҳо буюм сифатида қадрлашган.
Бронза қозонларнинг қўлланилиши борасида бир қатор мутахассислар ўз фикрларини билдиришган бўлиб, айрим тадқиқотчилар бундай идишларда маст қилувчи ичимлик тайёрлаш билан бир қаторда суюқ маҳсулотлар учун ишлатилганлигини қайд этишади. Хусусан, эрамиздан аввалги V асрда яшаган юнон тарихчиси Геродот ўзининг 9 томли “Тарих” китобида скифлар бундай қозонлардан гўшт пиширишда, диний маросимларда, қурбонлик келтиришда фойдаланганини қайд этади. Кичик бронза қозонларидан эса исириқдон сифатида ҳам фойдаланилгани Олтойдаги Пазириқ қўрғонидан топилган ашёларда ўз аксини топган.
Янгиликлар лентаси
0