Мирзиёевнинг Халқаро ногиронлар кунига бағишланган табрик сўзи
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон ногиронлиги бўлган фуқароларни жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш йўлидан бормоқда - Шавкат Мирзиёев.
ТОШКЕНТ, 2 дек - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан йўлланган табрик сўзи.
"Дунё мамлакатлари қатори юртимизда ҳам кенг нишонланаётган мазкур сана муносабати билан мамлакатимиздаги 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган юртдошларимизга ўзимнинг самимий ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман", - деди Мирзиёев.
Шунингдек, президент табрик сўзида сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт-саодат ва омад тилади.
Шавкат Мирзиёев ногиронли бўлган шахсларнинг қобилияти, меҳнати, матонати ва сабр-бардоши билан кўпчиликка ибрат бўлаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
"Биз сизларнинг бундай олижаноб интилишларингизни юксак қадрлаймиз ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги фаол иштирокингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдирамиз", - деди президент.
Ундан ташқари, президент Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган фуқароларни жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар борасида ҳам тўхталди, хусусан:
1.
Биз барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун бир хил имкониятлар амал қиладиган инклюзив жамиятни барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширамиз. Шу асосда ногиронликни белгилашнинг аллақачон эскирган тиббий моделидан умумэътироф этилган ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтишни ўз олдимизга муҳим вазифа қилиб қўйганмиз.2.
Бундан буён бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, жамоат транспорти, ахборот ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан ҳеч бир монеликсиз фойдалана олишига бирламчи аҳамият қаратилади.3.
Ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларидаги қамров ҳажмини 2 баробар ошириш, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган 10 га яқин шундай марказларни кенгайтириб, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилади, - деди президент.Ишонтириб айтаманки, сизлар ўзларингизни ёлғиз ҳис этмаслигингиз, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, барча соҳа ва тармоқларда фаол иштирок этишингиз, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишингиз, маданий эҳтиёжларингизни таъминлашингиз учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз, - деди президент.
Маълумот учун, бугунги кунда республикада бир неча ихтисослашган ташкилотлар Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти самарали фаолият кўрсатмоқда. Ундан ташқари қатор ихтисослашган фонд ва жамғармалар ҳам мавжуд.