“Ўзбек Барони” маҳорат дарси ўтказади

© Агентство Кинематографии УзбекистанаФарход Махмудов
Фарход Махмудов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.11.2022
Oбуна бўлиш
Фарҳод Маҳмудов Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) Тошкент филиалида илк маҳорат дарсини ўтказади.
ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудов 3 декабрь куни Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) Тошкент филиалида илк маҳорат дарсини ўтказади.

“2020 йили президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекфильм”га ташрифи чоғида Фарҳод Маҳмудовга ВГИКнинг Тошкент филиалида илк актёрлик маҳорати устахонасини очиш борасида топшириқ бергандилар. Шундан сўнг Фарҳод Маҳмудов Москвада мазкур устахонани очиб, ўзбекистонлик талабаларга сабоқ бера бошлади. Энди биз унинг маҳорат дарсларини Тошкентдаги филиалда мунтазам ўтказиб борамиз”, - деди ВГИК Тошкент филиали директори Элдор Юлдашев Sputnik мухбири билан суҳбатда.

Маҳорат дарслари босқичма-босқич ўтказилади, навбатда Россия халқ артисти Сергей Безруков, таниқли кинорежиссёр Николай Лебедев ҳам бор.
“Маҳорат дарси нафақат талабаларга, балки кино санъатига қизиқувчи барча учун ўтказилади. Ўйлайманки, учрашувларда мутахассис ижодкорлар учун ҳам ёш ижодкорларни аниқлашади ва келгусида ўзаро ижодий ҳамкорликлар йўлга қўйилади”, - дея ишонч билдирди Юлдашев.
Унинг сўзларига кўра, ВГИКнинг Тошкент филиалида ҳозирда асосан таълимдаги урғу педагогик-амалий жараёнларга қаратилмоқда, бироқ келгуси йилдан илмий жараёнларга ҳам эътибор қаратилади. Режага кўра, 2023 йилдан филиалда махсус “кинотанқид” ва “киношунослик” таълим йўналишлари очилади.
Келгусида филиалда мазкур йўналишларнинг магистратура ва докторантура босқичлари ҳам очилиши режалаштирилган.
Фарҳод Маҳмудов 1972 йили Тошкентда таваллуд топган, Россияда хизмат кўрсатган артист. 1993 йилда ВГИКда актёрлик йўналишини тамомлаган (педагог Михаил Глузский). Рус театри спектаклларида ва кинофильмларда кўплаб роллар ижро этган. Ўзбекистонда режиссёр Рустам Саъдиевнинг “Барон” (2016) кинокартинасидаги Иззат роли орқали шуҳрат қозонди ва "ўзбек Барони" дея танилди.
2022 йил куз ойида “Барон 2.Соғинч” кинокартинаси премьера қилинди. Фарҳод Маҳмудов бу картинада ўз қаҳрамони Иззат ролини ижро этди.
Янгиликлар лентаси
0