Эрдоған АҚШни курд жангариларини қурол билан таъминлашда айблади

© Sputnik / POOL / Медиабанкка ўтишРеджеп Тайип Эрдоган, архивное фото
Реджеп Тайип Эрдоган, архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.11.2022
Oбуна бўлиш
Эрдоған АҚШнинг охирги уч президенти Суриядаги курд жангариларини қурол билан таъминлаб келаётганидан норози.
ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Қўшма Штатлар сўнгги йилларда Суриядаги курд жангариларига минглаб юк машиналарда ўқ-дорилар етказиб берди. Бу ҳақда РИА Новости “Анадолу” агентлигига таяниб, хабар бермоқда.
“Биз Туркиянинг НАТО бўйича иттифоқчиси охирги йилларда Суриядаги террористик ҳудудларга ўқ-дорилар ва қурол-яроғ ортилган минглаб юк машиналарини етказиб берганидан қайғудамиз”, - дейди Эрдоған.
Президент “бу курс Барак Обама президентлигида бошлангани, Дональд Трамп даврида давом этгани ва Жо Байден даврида ҳам ўзгаришсиз қолаётганини” таъкидлади.
Туркия етакчисининг сўзларига кўра, Анқара Сурия масаласи сабаб хавотирда экани ҳақида Вашингтонни огоҳлантирган.

“Мен шахсан Обама, Трамп ва кейин Байден билан суҳбатлар чоғида бу масалани кўтарганман, агар биз НАТО бўйича иттифоқчи ва ҳамкор бўлсак, америкаликларнинг Суриядаги террорчиларга кўрсатаётган ёрдами мамлакат жанубий чегараларига хавф туғдиришини тушунишимиз кераклигини айтдим. Агар керак бўлса, жавоб қайтаришга мажбур бўлишимиз ҳақида огоҳлантирдик”, - дейди Эрдоған.

Унинг таъкидлашича, Америка томони Анқарага ҳеч қандай жавоб қайтара олмаяпти.
“Туркия миллий хавфсизлиги талаб қилганидек ҳаракат қилишда давом этамиз. Ҳеч қандай ён беришлар йўқ! Чунки ҳар қандай позиция ўзгариши мамлакатимиз учун муаммоларни эргаштиради”, - деб ишонтирди Эрдоған.
Аввалроқ Туркия Мудофаа вазирлиги Сурия ва Ироқ шимолидаги курд тузилмаларига қарши “Панжа-қилич” ҳаво операцияси бошлангани ҳақида хабар берган эди. Идора маълумотларига кўра, террорчилар Туркияга ҳужум қилиш учун ушбу давлатларнинг шимолий ҳудудларидан база сифатида фойдаланмоқда.
Операцияга 13 ноябрь куни Истанбулда содир этилган теракт сабаб бўлди. Истиқлол пиёдалар кўчасида содир бўлган портлашда олти киши ҳалок бўлди, 80 дан ортиқ одам жароҳатланди. Гумонланувчи қўлга олинди ва КИП билан алоқаси борлигини тан олди. Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳужумни амалга ошириш буйруғи Кобанидан келгани, жиноятчи эса Африн орқали мамлакатга кирганини маълум қилди.
Курдистон ишчилар партияси жангарилари билан қуролли тўқнашув Туркияда 1984 йилда бошланган ва 2015 йилда қайтадан жонланган. Ироқ шимолида курдларнинг базалари жойлашган бўлиб, Туркия Қуролли кучлари уларга қарши ҳаво ва қуруқликдаги операцияларни ўтказмоқда.
Янгиликлар лентаси
0