Гендер тенгликни таъминлашга қаратилган гендерга оид аудит институти яратилади

© Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис СенатиГендер тенгликни таъминлашга қаратилган гендерга оид аудит институти яратилади
Гендер тенгликни таъминлашга қаратилган гендерга оид аудит институти яратилади - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.11.2022
Oбуна бўлиш
Қайд этилишича, Қонун билан давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенатнинг матбуот хизмати хабар берди.
Қонун билан давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
“Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, жумладан кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини, шунингдек, гендерга доир комплекс ёндашувни ўрганиш ва баҳолаш фаолияти гендерга оид аудит сифатида белгиланмоқда”, дейилади хабарда.
Аудитни ўтказишнинг асосий вазифалари – давлат органлари ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбатини ҳамда гендерга доир комплекс ёндашув асосида ташкил этганлиги ҳолатини ўрганиш, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг ижро этилишини баҳолаш этиб белгиланмоқда. Шу билан бирга, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Қонунда гендерга оид аудит уч йиллик режага асосан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида ўтказилиши, унинг натижаларига доир ахборот ва таклифлар Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига юборилиши акс этмоқда.
Гендерга оид аудит натижалари тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
“Шунингдек, Комиссияга хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини оширишга, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида гендер тенгликка эришишга, оилани мустаҳкамлашга, оналик, оталик ҳамда болаликни муҳофаза қилишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, гендер тенгликни, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларнинг жорий ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни танқидий жиҳатдан таҳлил қилиш ва бартараф этиш чораларини кўриш, гендерга оид аудитни ўтказиш режасини тасдиқлаш ва гендерга оид аудитни ўтказиш услубиятини белгилаш бўйича ваколатлар берилмоқда”, дейилади хабарда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Янгиликлар лентаси
0