Шерзод Хўжаев электр энергиясидаги узилишларнинг сабабини маълум қилди

© Sputnik / Рамиз БахтияровШерзод Ходжаев
Шерзод Ходжаев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.11.2022
Oбуна бўлиш
Энергетика вазири ўринбосари тез кунда электр энергиясидаги чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилишини айтди.
ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистонда электр энергиясидаги узилишларнинг сабабини ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслиги билан изоҳлади.
Унинг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжмунида маълум қилишича, сўнгги йилларда истеъмолчиларга етказиб беришдаги узилишларнинг сони қарийб 3 бараварга камайган.

“Электр энергиясидаги узилишларнинг сабаби — ускуналарнинг эскирганлиги ёки етарли эмаслигида эмас. Балки станцияларимизда электр ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигида. Масалан, Ўзбекистондаги мавжуд электрнинг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг қарийб 85 фоизи табиий газ воситасида”, - деди Хўжаев.

Масалан, 2016 йилгача Ўзбекистонда битта замонавий буғ-газ иссиқлик станцияси қурилган — 2012 йилда Навоий иссиқлик электр станциясида. Аммо 2016 йилдан кейин Навоийда битта, Таллимаржонда иккита, Тўрақўрғон электр станциясида иккита, Тахиатош электр станциясида иккита ва Тошкент электр станциясида битта буғ-газ қурилмаси барпо этилди. Буларнинг барчаси давлат инвестицияси ҳисобидан қурилган.
Хўжаевнинг қўшимча қилишича, тез кунда чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилади.
“Бунинг учун табиий газ ва электр энергияси экспорти тўхтатилди. Ташқи импорт 20 фоизга оширилди. Бугунги кундаги узилишлар 8-10 соатлаб токни ўчиришга сабаб бўлолмайди. Қайси ҳудудларда электр энергиясидаги узилишлар ярим ёки бир соатдан ошиб кетаётган бўлса, бунинг сабабларини ўрганамиз. Агар бунда инсон омили мавжуд бўлса, масъулларга чора кўрилади” — дея қайд этди вазир ўринбосари.
"Ўзбекнефтгаз" бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, GTL компаниясидаги ишлаб чиқариш 50 фоизга камайтирилиб, қолган газ аҳолига берилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Янгиликлар лентаси
0